
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги 2026 йилги ҳаж мавсумида зиёратчи визаси фақат Nusuk платформаси орқали олинган соғлиғи тўғрисидаги тиббий гувоҳнома мавжуд бўлган тақдирдагина берилишини эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
«Тиббий кўрикдан ўтмасдан ва тегишли тиббий гувоҳномани олмасдан зиёратчи визасини олиш мумкин эмас», — дейилади хабарда.
Энди ҳажни ташкил қилиш билан шуғулланувчи барча вазирликлар ва муассасалар ҳар бир зиёратчини ҳаж амалларини бажаришга тўсқинлик қиладиган касалликлар мавжудлигини аниқлаш мақсадида чуқур тиббий кўрикдан ўтказишга мажбурдир.
Саудия вазирлиги баёнотига кўра, қуйидаги касалликлардан азият чекаётган шахслар ҳаж амалларини бажаришга қўйилмайди:
- диализ талаб қиладиган буйрак етишмовчилиги;
- ҳатто минимал жисмоний зўриқишда ҳам намоён бўладиган юрак етишмовчилиги;
- доимий ёки вақти-вақти билан кислороддан фойдаланишни талаб қиладиган ўпканинг сурункали касалликлари;
- жигар етишмовчилиги белгилари бўлган жигар циррозининг оғир босқичи;
- оғир руҳий ва неврологик бузилишлар;
- қарилик деменцияси;
- ҳомиладорликнинг охирги уч ойлиги, шунингдек, юқори хавфли ҳар қандай ҳомиладорлик;
- фаол юқумли касалликлар (шу жумладан, силнинг очиқ шакли, геморрагик иситмалар ва бошқалар);
- кимётерапия ёки иммуносупрессив даволаниш курсини олаётган фаол онкологик касалликлар.Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги ушбу талаблар бузилган ёки ёлғон маълумотлар тақдим этилган тақдирда «тегишли чоралар» кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.
Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика жамоатчилик кенгаши зиёратчиларни белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилишга чақирди ва бу қоидалар барча ҳаж иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилганини таъкидлади.

