Саудия Арабистони ҳаж қоидаларини бузганлик учун жазони кучайтирди

Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги ҳаж қоидаларини бузган шахслар, шунингдек, бундай бузилишларга ёрдам берганлар учун янги санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Улар 29 апрелдан 10 июнгача амал қилади.

Янги қоидаларга кўра, рухсатсиз ҳаж қилиш ёки унга уриниш учун 20 минг саудия риёлигача (тахминан 5300 АҚШ доллари) жарима белгиланган. Худди шундай жарималар кўрсатилган даврда Макка ва муқаддас жойларга киришга ёки у ерда қолишга уринган барча турдаги туристик виза эгаларига ҳам қўлланилади.

Қоидабузарларга ёрдам бераётган шахслар — виза олиш учун ариза беришда, уларни ташишда ёки бошпана беришда — 100 минг риёлгача (26 минг АҚШ долларидан кўпроқ) жаримага тортилади. Жарима жалб қилинган одамлар сонига мутаносиб равишда оширилади.

Ҳаж қилишга уринаётган қоидабузарларга нисбатан депортация ва кейинчалик Қиролликка 10 йилгача кириш тақиқи қўлланилади.

Бундан ташқари, агар улар ташувчига, ташкилотчига ёки уларнинг шерикларига тегишли бўлса, ҳокимиятлар Макка ва муқаддас жойларга қоидабузарларни ташишда иштирок этган транспорт воситаларини мусодара қилиши мумкин.