Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 19/08/2025

Ҳибсга олинмаган гумонланувчиларнинг Ўзбекистондан чиқиши чекланиши мумкин

Ўзбекистон қонунчилигига суд қарори билан айрим шахсларнинг мамлакатдан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тартибини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди. Тегишли қонунни президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 15 август куни имзолади. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 22 апрель куни қабул қилинган ва Сенат томонидан 28 май куни маъқулланган эди.

«Прокуратура тўғрисида», «Судлар тўғрисида»ги қонунларга ҳамда Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилди (улар аллақачон кучга кирган). Қўшимчаларга кўра, ҳибсга олинмаган гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчиларнинг мамлакатдан чиқиши чекланиши мумкин. Бунда ушбу шахслар Ўзбекистон ҳудудини тарк этиб, узрли сабабларсиз тергов ва суддан бўйин товлаши мумкинлиги ҳақидаги асослар ҳисобга олинади.

Сенатнинг 2025 йил май ойидаги йиғилишида 2021 йилдан 2025 йилгача суд ва терговдан яширинган 39 038 киши қидирувга берилгани қайд этилган эди. Улардан 17 535 нафари (44,9%) мамлакат ташқарисига чиқиб кетган. Кўп ҳолларда уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаган.

Чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, терговчи ёки суриштирувчи томонидан киритилиши мумкин. Ҳужжатда ушбу мажбурлов чорасини қўллаш учун асослар келтирилиши керак.

Илтимоснома материаллар келиб тушган вақтдан бошлаб 8 соатдан кечиктирмай ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади. Судья илтимосномани кўриб чиқиб, мамлакатдан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш ёки уни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Ижро этиш учун ажрим эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга киради ва Ички ишлар органлари ва ДХХ Чегара қўшинларига, прокурор, суриштирувчи ёки терговчига, гумонланувчи ёки айбланувчига, шунингдек, ҳимоячига маълумот учун юборилади. Бу қарор устидан 48 соат ичида шикоят ёки протест билдирилиши мумкин.