2025 йил 28 мартдан «Гулистон — Тошкент — Чиноркент» йўналиши бўйича тез юрар электропоезд қатнови бошланди. Бу ҳақида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов маълум қилди. Рейсларни ўтган йилнинг декабрь ойида етказиб берилган Россия ишлаб чиқарган ЭП3Д электропоезди амалга оширади.
Поезд Гулистон (Сирдарё вилояти) ва Чиноркент (Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани) орасидаги масофани 3 соат 30 дақиқада босиб ўтади.
Йўлкира нархлари:
- Гулистон — Тошкент — 20 000 сўм
- Гулистон — Чиноркент — катталар учун 40 000 сўм, болалар учун 23 000 сўм
Тўловни ATTO транспорт картаси орқали ёки кассаларда амалга ошириш мумкин.
«Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси маълумотига кўра, “Гулистон — Тошкент — Чиноркент — Тошкент — Гулистон” ва “Гулистон — Тошкент” (№7211) электропоездлари ҳар куни ҳаракат қилади. “Тошкент — Гулистон” (№7212) ва “Тошкент — Чиноркент — Тошкент” (№7207/7208, 7209/7210) поездлари эса сешанба кунидан ташқари ҳар куни қатнайди.
Поездлар жадвали:
- Гулистон — Тошкент: жўнаш 6:11, етиб келиш 7:58
- Тошкент — Чиноркент: 8:15 — 10:15
- Чиноркент — Тошкент: 10:55 — 12:28
- Тошкент — Чиноркент: 13:20 — 14:53
- Чиноркент — Тошкент: 15:43 — 17:16
- Тошкент — Гулистон: 17:31 — 19:00
1000 дан ортиқ йўловчига мўлжалланган янги поезд дастлаб декабрда Тошкент — Хожикент йўналишида ҳаракатлана бошлаган. 2025 йил январь ойида маршрутини 1,5 км га узайтириб, Чиноркентгача етказиш ҳақида хабар берилган эди. 2030 йилгача бундай поездлар сонини 30 тага етказиш режалаштирилган.