Ўзбекистонда гўшт нархининг ошиш сабаблари

Ўзбекистон дунёда гўшт маҳсулотларининг нархлари арзонлиги бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллайди, дея хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирликнинг БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига таяниб хабар беришича, сўнгги йилларда дунёда гўшт нархининг глобал ўсиши кузатилмоқда. Бунга дунёда гўшт ишлаб чиқариш суръатининг пасайиши, йирик импорт қилувчи мамлакатлар томонидан юқори талаб ва озуқа ҳамда логистика нархининг ошиши таъсир кўрсатмоқда.

Шунга қарамай, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қайд этганидек, Ўзбекистонда гўшт нархлари «минтақавий тенденциялар доирасида сақланиб қолмоқда» ва жаҳон бозоридаги тебранишларга нисбатан «нисбатан барқарорликни намоён этмоқда».

Тошкентнинг имтиёзли расталарида гўшт бир килограмми 65-75 минг сўмдан, оддий бозорларда 90-95 минг сўмдан, савдо марказларида эса 95-100 минг сўмдан сотилмоқда. Вазирлик хабар беришича, пойтахтда гўштнинг 18% имтиёзли нархда, 82-85% бозор нархида, суяксиз гўшт (110-130 минг сўм) эса савдо ҳажмининг атиги 1-2%ни ташкил этади.

Шу билан бирга, вазирлик бу сўровлар қачон ва қандай ўтказилгани, нега тадқиқот Тошкент билан чеклангани, шунингдек, «имтиёзли гўшт» деб аталадиган маҳсулотнинг келиб чиқиши ва шаклланиш механизмини ошкор қилмаган.

Шунингдек, пойтахт бозорларида гўшт аҳолининг харид қобилиятини ҳисобга олган ҳолда бўлакларга бўлиб сотилмоқда. Масалан, гўшт қолдиқлари билан суяклар (рагу) 25-30 минг сўм, қовурғалар 85-95 минг сўм, суяксиз гўшт (филе) эса 110-130 минг сўм туради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги гўшт нархларини алоҳида мамлакатлар кесимида таққослаб келтиради. Масалан, Россияда 1 кг мол гўшти 10-12 доллар, Беларусда 6-8 доллар, Қозоғистонда 7-11 доллар, Тожикистонда 8-10 доллар, Грузияда 9,5-12 доллар, Озарбайжонда 9,5-12,5 доллар, Туркияда эса 12-14 доллар туради. Ривожланган мамлакатларда нархлар анча юқори: Швецияда 46,2 доллар, Исландияда 38,86 доллар, Жанубий Кореяда эса тахминан 28 доллар.

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон гўштни ўртача бир килограммига 4 доллардан импорт қилади. Асосий етказиб берувчилар Беларусь ва Қозоғистон ҳисобланади.

Шундай қилиб, вазирликнинг таъкидлашича, Ўзбекистон гўшт нархлари энг арзон бўлган мамлакатлар қаторига киради ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қирғизистондан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.

Шу билан бирга, таъкидланганидек, мамлакатда гўшт ишлаб чиқариш харажатларнинг ўсиши билан боғлиқ — биринчи чоракда озуқа, электр энергияси ва ёқилғи-мойлаш материаллари нархи ошди. Озуқа билан таъминланганлик даражаси атиги 35-40%ни ташкил этади, маҳсулот таннархи эса ошмоқда.

2024 йил октябрь ойига нисбатан озуқа нархлари сезиларли даражада ошди: шрот 3000 сўмдан 7000 сўмгача, шелуха 2800 сўмдан 4000 сўмгача, комбикорм 2900 сўмдан 3700 сўмгача, буғдой 2,2 миллион сўмдан 3,5 миллион сўмгача, маккажўхори силос 500 сўмдан 900-1000 сўмгача, сомон 15 минг сўмдан 25 минг сўмгача, беда эса 25 минг сўмдан 45 минг сўмгача ошди.

2024 йилда мамлакатда 2,9 миллион тонна тирик вазнда гўшт ишлаб чиқарилган, 93 минг тонна импорт қилинган (ҳажмнинг 5,4%). Импорт қилинган гўштнинг 70% қайта ишлашга, қолган қисми эса имтиёзли расталарга йўналтирилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, шунингдек, ихтисослаштирилган хўжаликларда қорамол бош сони икки баравар, маҳсулот ҳажми эса уч баравар ошганини қайд этди. Наслчилик хўжаликлари сони 1900 тага етди, наслли чорва моллари улуши эса 70-75%га етди.

Вазирлик мамлакатда аҳолини сифатли ва арзон гўшт билан таъминлаш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш давом этаётганини эслатди.

Эслатиб ўтамиз, 3 ой давомида гўшт нархи энг тез ўсаётган маҳсулотлардан бири сифатида сўровномаларда қайд этилмоқда. Ҳатто Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра ҳам, улгуржи бозорда 70 минг сўмлик гўшт аллақачон сотилмаяпти.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мол гўшти (филедан ташқари) ва қўй гўшти январда мос равишда 1,05% ва 1,21%га, февралда 2,83% ва 2,29%га, мартда 8,29% ва 9,14%га, апрелда эса 1,84% ва 1,83%га қимматлашган.

Қайд этиш жоизки, Остона шаҳрида ўртача иш ҳақи 604,1 минг тенгени (тахминан 1170 доллар) ташкил этади. Тошкентда бу кўрсаткич 703 долларга тенг. Агар Қозоғистон пойтахти аҳолиси 10 кг гўшт сотиб олиш учун 70-110 доллар ёки ўртача ойлик иш ҳақининг 6-9,4%ни сарфласа, Ўзбекистон пойтахти аҳолиси 56-100 доллар ёки ойлик маошининг 7,9-14,2%ни сарфлайди.