Google Maps хизмати хариталарида Мексика кўрфази расман “Америка кўрфази” деб номланди. Бу ҳақида CNN хабар бермоқда.
Топонимнинг номланиши АҚШ президенти Дональд Трампнинг 2025 йил 20 январдаги фармойиши асосида амалга оширилди. Икки ҳафта олдин Google компанияси Трампнинг қарорига амал қилишини тасдиқлади, чунки корпорация «расмий ҳукумат манбаларидан янгиланган маълумотлар қабул қилинган ҳолларда ўзгаришларни қўллаш» бўйича узоқ йиллик амалиётга эга.
«AQШда Google Maps’дан фойдаланувчи одамлар Американ кўрфази номини кўришади, Мексикада эса Мексика кўрфази деб қолади. Қолган барча одамлар ҳар икки номни ҳам кўришади», — дейилади корпорация баёнотида.

Трамп илк бор 2025 йил 7 январда Мексика кўрфазини қайта номлаш режаси ҳақида гапирган эди. «Биз Мексика кўрфази номини Америка кўрфази деб ўзгартириш ниятидамиз, бу катта ҳудудни ўз ичига олади. Америка кўрфази — қандай гўзал ном ва у жуда мос», — деган эди у ўшанда.

Бунга жавобан Мексика президенти Клаудия Шейнбаум Шимолий Американи, шу жумладан АҚШни ҳам, «Мексика Америкаси» деб қайта номлашни таклиф қилди. Бу тарихий ном бўлиб, қадимги хариталарда қўлланган. «„Мексика Америкаси“ – ёмон эмас», — деди Шейнбаум, 1607 йилдаги Шимолий Америка тасвирланган харитага ишора қилиб.
Reuters агентлиги таъкидлашича, Мексика кўрфазининг номини ўзгартириш халқаро миқёсда тан олиниши қийин.