
Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари 2026 йилнинг сентябрь ойида «Ипак йўли» («Жибек жолы», Ўзбекистон томонида «Ғишткўприк») назорат-ўтказиш пунктини очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Қозоғистон бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда асосий эътибор автомобиль ва темир йўл назорат-ўтказиш пунктларини ривожлантиришга қаратилган.
«Ҳозирда асосий ишлар мамлакатларимиз ўртасидаги автомобиль ва темир йўл назорат-ўтказиш пунктларини кенгайтириш билан боғлиқ. Хусусан, жорий йилнинг сентябрь ойида „Ипак йўли“ назорат-ўтказиш пункти ишга туширилади. Унинг ўтказувчанлик қобилияти суткасига 70 минг кишини (илгари 30 минг эди) ва 2000 дан ортиқ енгил автомобилни ташкил этади», — деди вице-бош вазир.
«Черняевка» номи билан машҳур бўлган НЎП 2025 йил 5 февралдан бошлаб тўрт ой муддатга капитал қурилиш ва реконструкция қилиш учун ёпилган эди, бироқ ушбу муддат бир неча бор узайтирилди. Умуман олганда, бу ерда реконструкция ишлари 2022 йилдан буён давом этмоқда.
Таъмирлаш вақтида пиёдалар, юк транспорти ва темир йўл қатнови учун муқобил йўналишлар белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон «Дарбаза — Мақтаарал» янги темир йўл линияси қурилишини якунлашни режалаштирмоқда.
«Бу йил биз „Дарбаза — Мақтаарал“ темир йўли қурилишини якунлаймиз, бу товар айирбошлаш ҳажмига қўшимча 20 миллион тонна юк қўшади. Шунга мос равишда, „Мақтаарал — Сирдарё“ станцияси тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди», — деб таъкидлади Жумангарин.
Янги темир йўл қурилиши 2023 йил ноябрь ойи охирида бошланган эди. Ўшанда Дарбаза — Мақтаарал темир йўл линиясининг узунлиги 152 км ни ташкил этиши хабар қилинганди.
Қозоғистонда ушбу 545 миллион долларлик лойиҳа юкларни мавжуд бўлган «Сариағаш — Тошкент» участкасидан бошқа йўналишга ўтказиш, «Сариағаш» станциясига тушадиган юкни камайтириш ва Ўзбекистон йўналишидаги экспорт ташувларини кўпайтириш имконини бериши маълум қилинган эди.
Бундан ташқари, ушбу инфратузилма базасида қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари учун хабга айланадиган Халқаро саноат кооперацияси маркази (ХСКМ) қурилиши ҳам давом этмоқда.
2026 йил 11 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бухорода Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашган эди. Томонлар чегараолди ҳудудларида «Тоза ҳаво» лойиҳасини биргаликда илгари суриш, шунингдек, сувдан оқилона фойдаланиш устида ишлашга келишиб олдилар. Мамлакатлар ташқи бозорларга самарали чиқиш учун чегара инфратузилмасини биргаликда модернизация қилиш ниятида.