2025 йил апрель ойида электр энергияси ва газ тарифларининг ошиши умумий инфляция даражасига 1,8−1,9 фоиз пункт қўшади. Бу ҳақида 23 январь куни Марказий банк раиси Тимур Ишметов матбуот анжуманида маълум қилди.
Марказий банк 2024 йилдаги 9,8% инфляция даражасини 2025 йилда 7−8% гача тушиши кутилаётганини маълум қилди. Регулятор раҳбарига кўра, ушбу кўрсаткичда 2025 йил апрель ойида яна ошадиган энергия ресурслари нархларининг ўсиши ҳисобга олинган. Хусусан, электр энергиясининг асосий тарифи (ойига 200 кВт·соат доирасида) 33,3% га ошади — 450 сўмдан 600 сўмга, газ учун эса 650 сўмдан 1000 сўмгача (+53,8%).
«Инфляция прогнозида барча энергия ресурслари, коммунал тўловлар, бензин, пропан, яъни давлат томонидан тартибга солинадиган нархлар ҳисобга олинган. Шу асосда 7−8% прогноз қилинган», — деди Тимур Ишметов.
Ўтган йилнинг октябрь ойи охирида Марказий банк оширилган тарифларнинг инфляция ўсишига қўшадиган эҳтимолий ҳиссасини 1,5−1,8 фоиз пункт деб баҳолаган эди.
23 январь куни Марказий банк ўтган йилда энергия ресурслари нархларини либераллаштиришнинг (газ ва электр энергияси нархларини ошириш) дастлабки таъсирлари тугаши 2-чорак охирида умумий инфляция даражасининг сезиларли даражада пасайишига олиб келиши ҳақида хабар берди.
Тарифларнинг апрель ойидаги навбатдаги ошиши шу ойда инфляцияни вақтинча тезлаштириши кутилмоқда.
Ушбу ўзгаришларнинг асосий инфляцияга иккинчи даражали (бевосита бўлмаган) таъсир даражаси келажакда пул-кредит шартларини белгилайдиган муҳим омил бўлади. Масалан, агар тарифларнинг ошиши ишлаб чиқарувчилар харажатларини кўпайтирса, бу товар ва хизматлар нархининг умумий ўсишига олиб келиши мумкин. Бундай ҳолда регулятор асосий ставкани ошириши мумкин.
Ўзбекистон ҳукумати ўтган йилги ва янги тарифлар ошишига қарамай, газ ва электр энергияси нархларини субсидиялашни давом эттиришни режалаштирмоқда. 2025 йилда давлат бюджети ҳисобидан газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти учун 12,3 трлн сўм субсидия ажратилиши режалаштирилган. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, ушбу амалиётни фақат 2028 йилдан тўхтатиш режалаштирилган.