
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Улуғбек шаҳарчасида жойлашган 190 гектар ер майдонининг топширилиши миллий дендрология боғи ташкил этилиши билан боғлиқ. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 10 апрелдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Фанлар академияси 2026 йи 1 апрель куни 190 гектар майдондаги ер участкасидан ихтиёрий равишда воз кечиш ва уни давлат ер захирасига ўтказиш тўғрисида хат юборган.
Давлат кадастрлари палатаси бошқармаси ва Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармасига ушбу участкани бўш деб тан олиш ҳамда ер-кадастр ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш топширилди.
Ушбу чора-тадбирларга президентнинг 25 мартдаги «Тоза ҳаво» умумиллий лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги қарори асос қилиб кўрсатилган. Ҳужжат билан Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитасига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари билан биргаликда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб иккита дендрология боғини ташкил этишга киришиш топширилган.
Улардан бирини 250 гектар майдонда — Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти ерларида ва унга туташ ҳудудларда жойлаштириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа 335 млрд сўмга баҳоланган эди.
Иккинчиси Тошкент ва Қибрай туманларида, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) рўпарасидаги 83 гектар майдонда ташкил этилади. Унинг бюджети 104 млрд сўмни ташкил қилган.
Тошкент шаҳрида «Тоза ҳаво» лойиҳасини амалга ошириш дастуридан келиб чиқадики, ҳокимликка зарурат туғилганда тегишли ер участкаларининг тоифасини ўзгартириш, уларни туман ҳокимликлари захирасига қайтариш ва Экология қўмитасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан топшириш вазифаси юкланган.
Шундан сўнг Экология қўмитаси лойиҳа ҳужжатларини, жумладан, тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда дарахт ва бута турларини танлаш ҳамда экиш ҳажмларини белгилашни тайёрлаши керак. Ушбу асосда дендрология боғи ташкил этилади.
Молиялаштириш Умумиллий экологик муаммоларни ҳал этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан кўзда тутилган.
Бугунги кунда Тошкентда 893 гектарга яқин жамоат истироҳат боғлари мавжуд, бироқ бир аҳолига 17-19 кв. м норматив мавжуд бўлган бир пайтда атиги 2 кв. м га яқин яшил майдон тўғри келмоқда, деб хабар берган эди урбанизация қўмитаси раҳбари Шерзод Қудбиев. Муаммони ҳал қилиш учун 140 гектар майдонда 9 та боғ ташкил этиш режалаштирилган.
2028 йилгача Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳар бирининг майдони 100 гектардан кам бўлмаган 12 та ботаника боғи ва 16 та дендрология боғи ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу кўкаламзорлаштириш даражасини 14,2 фоиздан 30 фоизгача ошириш имконини беради.
Тошкентда Бектемир туманидаги «Нурафшон» маҳалласида, Чирчиқ дарёси бўйида яна бир дендропарк ташкил этиш режалаштирилган эди, у 181 гектар майдонни эгаллайди. Унга 242,5 млрд сўм ажратилади. Сергели тумани ҳудудидаги «Хонободтепа» маҳалласида эса қиймати 108,5 млрд сўм бўлган 81 гектарлик ботаника боғи ташкил этиш кўзда тутилган.