Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 20 февраль куни электр ва иссиқлик энергияси етказиб берувчиларни кўрсатилган хизматлар учун қарздорликни ундириш мақсадида судга мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақида Адлия вазирлиги хабар берди.
Сенатда олдинроқ таъкидланишича, энергия ресурслари истеъмолчиларининг тўлов интизомининг паст даражада эканлиги энергетика таъминот корхоналарининг молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир қилмоқда. Шу жумладан, дебиторлик қарздорлигини қисқа муддатда қоплаш ва аҳолига сифатли хизматлар кўрсатиш имкониятлари чекланмоқда.
«Давлат божи тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, эндиликда иссиқлик ва электр энергияси етказиб берувчи компаниялар истеъмолчилар қарзи билан боғлиқ ҳолда фуқаролик ва иқтисодий судларга даъво аризалари, аризалар ва шикоятлар киритганда давлат божи тўламайди.
Бироқ, агар суд уларнинг талабларини тўлиқ ёки қисман рад этса, улар давлат божини тўлашлари керак бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналари эндиликда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида аккредитациядан ўтиш учун ҳар йили давлат божи тўлаши лозимлиги белгилаб қўйилди.