Энергетика компанияларининг етти ходими коррупцияга қарши кураш бўйича йиғилишда қўлга олинди

Самарқандда коррупцияга қарши йиғилишда 7 нафар энергетика ходими залнинг ўзида қўлга олинди ва қамоққа олиш чораси қўлланилди.

Самарқандда коррупцияга қарши кураш бўйича йиғилишда етти нафар электр ва газ таъминоти корхоналари ходими залнинг ўзида қўлга олинди. Бу ҳақида Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

2025 йил 14 февраль куни Бош прокурор ўринбосари Шоҳруҳ Аминов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда аниқланган коррупция схемалари ва соҳани «коррупциясиз тармоқ»га айлантириш чоралари муҳокама қилинди. Аминов шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штаби раҳбари ҳисобланади.

Йиғилишда «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминот» компаниялари, шунингдек, уларнинг туман ва шаҳар филиаллари вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш давомида етти нафар энергетика компаниялари ходими коррупция жиноятларида айбланиб, залнинг ўзида қўлга олинди. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди ва ҳамкасблари кўз ўнгида қўлга олиниб, кишанланган ҳолда залдан олиб чиқилди.

Энергетика компаниялари раҳбарларига меҳнат интизомининг бажарилишини қатъий назорат қилиш ҳамда тармоқда коррупциянинг олдини олиш учун кескин чоралар кўриш топширилди.