Энергетика вазирлиги газ ва электр энергиясининг базавий нормалари амал қилиш муддатини ўзгартира олади

Ўзбекистонда электр энергияси ва газ истеъмоли учун ижтимоий нормалар амал қилиш муддатлари об-ҳаво шароитларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилади. Бу 2025 йил 28 февралдаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорида назарда тутилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, ҳукумат 2024 йил 16 апрелдаги қарорга ўзгартишлар киритди. Унга кўра, ўтган йилнинг 1 майидан электр энергияси ва табиий газ тарифлари оширилган, шунингдек, уларни истеъмол қилиш учун ижтимоий (базавий) нормалар жорий қилинган эди.

Энергетика вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда, энергия ресурсларини истеъмол қилиш базавий нормаларининг амал қилиш муддатларини ҳаво ҳароратига қараб ўзгартириш ҳуқуқини олди. Бу ўзгаришлар иситиш мавсумини ҳам, бошқа даврларни ҳам қамраши мумкин.

Энергетика вазирлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминот» ушбу ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларни ўз веб-сайтларида ва ОАВда эълон қилишлари шарт.

2025 йил 1 март куни ҳукумат газ истеъмоли учун базавий нормалар қўлланиш муддатини 1 мартдан 1 апрелгача узайтирди. Энергетика вазирлигининг маълумотига кўра, бу қарор одатдагидан совуқроқ об-ҳаво прогнозига асосан қабул қилинган.

2024 йилнинг май ойидан бошлаб аҳоли учун электр энергиясининг базавий (ижтимоий норма доирасидаги) нархи 1 кВт·соат учун 295 сўмдан 450 сўмгача (+52,5%) оширилди. Табиий газнинг 1 куб метри эса 380 сўмдан 650 сўмгача (+71%) кўтарилди. Истеъмол ҳажми ошган ҳолларда тариф бир неча баробар ўсади.

Энергия ресурсларини истеъмол қилиш учун ижтимоий нормалар:

  • Электр энергияси — ойига 200 кВт·соатгача
  • Газ (март-октябрь, Қорақалпоғистон ва Хоразмда март-сентябрь) — 100 кубометргача
  • Газ (ноябрь-февраль, Қорақалпоғистон ва Хоразмда октябрь-февраль) — 500 кубометргача

2025 йил 1 апрелдан янги тарифлар:

  • Электр энергияси: 600 сўм (ҳозирги 450 сўмдан +33,3%)
  • Газ: 1000 сўм (ҳозирги 650 сўмдан +53,8%)

Тарифлар икки баравар оширилганига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати электр энергияси ва газ нархларини субсидиялашни давом эттиради. 2025 йилда давлат бюджети ҳисобидан газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти учун 12,3 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, бу амалиёт 2028 йилдан тўлиқ тугатилиши кутилмоқда.