
Ўзбекистонда 2026 йил 1 июндан бошлаб электр энергияси ва табиий газ тарифлари ҳам аҳоли, ҳам юридик шахслар учун ўзгармоқда. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори 15 май куни — янги нархлар кучга киришидан 15 кун олдин қабул қилинди. Истеъмолчилар учун тарифларнинг ўсиши ўртача тахминан 9,9 фоизни ташкил этади. Нархларнинг қайта кўриб чиқилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги вакиллари 14 май куни журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда тарифларни қайта кўриб чиқиш зарурати, хусусан, энергетика инфратузилмасининг эскирганлиги ҳамда тармоқларни модернизация қилиш ва янги линияларни қуриш учун салмоқли маблағларни жалб этиш эҳтиёжи билан боғлиқлигини таъкидладилар.
Ҳукуматнинг 2025 йилги қарори билан 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 1 майдан энергетика ресурслари нархини инфляцияни ҳисобга олган ҳолда, лекин 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда ошириш механизми мустаҳкамлаб қўйилган эди.
Тарифларни ошириш ҳисобига олинадиган маблағларни электр ва газ тармоқларини, подстанцияларни модернизация қилишга, шунингдек, янги линияларни қуришга йўналтириш режалаштирилган.
Вазирликларнинг қайд этишича, истеъмолнинг ўсиши, шу жумладан кондиционерлар, маиший техника ва электромобиллар сони ортиши фонида энергия тизимининг ишончлилигини ошириш учун инвестициялар зарур.
Тарифлар қандай ўзгаради
Маиший истеъмолчилар учун 1 кВт·соат электр энергиясининг қиймати қуйидагича бўлади:
- 200 кВт·соатгача — 600 сўмдан 650 сўмгача ошиш (+8,3%);
- 201−500 кВт·соат — 800 сўмдан 900 сўмгача (+12,5%);
- 501−1000 кВт·соат — 1000 сўмдан 1100 сўмгача (+10%);
- 1001−5000 кВт·соат — 1500 сўмдан 1600 сўмгача (+6,7%);
- 5001−10 000 кВт·соат — 1750 сўмдан 1900 сўмгача (+8,6%);
- 10 000 кВт·соатдан юқори — 2000 сўмдан 2200 сўмгача (+10%).
Электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уйларда яшовчилар учун тарифлар базавий тарифнинг 50 фоизини ташкил этади:
- ойига 200 кВт·соатгача — 300 сўмдан 325 сўмгача ўсиш (+8,3%);
- 201−500 кВт·соат — 400 сўмдан 450 сўмгача (+12,5%);
- 501−1000 кВт·соат — 500 сўмдан 550 сўмгача (+10%);
- 1001−5000 кВт·соат — 750 сўмдан 800 сўмгача (+6,7%);
- 5001−10 000 кВт·соат — 875 сўмдан 950 сўмгача (+8,6%);
- 10 000 кВт·соатдан юқори — 1000 сўмдан 1100 сўмгача (+10%).
Аҳолига иситиш мавсумида (ноябрдан февралгача) бериладиган 1 кубометр табиий газ нархи қуйидагича ошади:
- истеъмол 500 кубометргача бўлганда (иситиш мавсумидан ташқари даврда 100 кубометргача) — 1000 сўмдан 1100 сўмгача 1 кубометр учун (+10%);
- иситиш мавсумида 501−2500 кубометр — 1800 сўмдан 2000 сўмгача (+11,1%);
- 2501−5000 кубометр — 2100 сўмдан 2300 сўмгача (+9,5%);
- 5001−10 000 кубометр — 2500 сўмдан 2700 сўмгача (+8%);
- 10 000 кубометрдан юқори — 3000 сўмдан 3300 сўмгача (+10%).
Юридик шахслар (шу жумладан тадбиркорлар) учун тарифлар:
- электр энергияси — 1 кВт·соат учун 1000 сўмдан 1100 сўмгача ошиш (+10%);
- табиий газ — 1 кубометр учун 1800 сўмдан 2000 сўмгача (+11,1%);
- газ тўлдириш шохобчалари (АГНКС) учун газ — 1 кубометр учун 2500 сўмдан 2750 сўмгача (+10%).
Таом тайёрлаш учун газ плитасига эга бўлган, газдан ҳисоблагичсиз фойдаланадиган ва белгиланган фиксация қилинган суммани тўлайдиган истеъмолчилар учун тариф қуйидагича оширилади:
- таом тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун — кубометр учун 1800 сўмдан 2000 сўмгача (+11,1%);
- уйни иситиш учун — 1400 сўмдан 1550 сўмгача (+10,7%).
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш
Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан маълум қилишларича, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини энергия тарифлари ошиши оқибатларидан ҳимоя қилиш учун пул компенсацияларининг махсус механизми кўзда тутилган. Тўловлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали амалга оширилади.
Ўтган йилларда ҳам берилган компенсациялар белгиланган ижтимоий нормадан юқори истеъмол қилинган энергиянинг бир қисми учун харажатларни қоплаши керак.
Электр энергияси бўйича давлат базавий нормадан ташқари 150 кВт·соатгача бўлган ҳажмни тўлаб беришга тайёр. Газ бўйича компенсация лимити иситиш мавсумида (ноябрдан февралгача) нормадан ташқари 250 кубометргача, йилнинг қолган даврида эса 150 кубометргача бўлган ҳажмни ташкил этади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили ушбу механизмнинг узлуксиз ишлаши учун давлат бюджетида маблағлар аллақачон кўзда тутилганини маълум қилди.
2024 йил 1 майдан Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда — 2019 йил август ойидан бери биринчи марта электр энергияси ва газ нархлари оширилди ҳамда истеъмолнинг ижтимоий нормалари жорий этилди. Тарифларнинг навбатдаги оширилиши бир йилдан кейин — 2025 йил 1 майдан юз берган эди.