
Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги «Самарқанд» маҳалласида 4 январь куни номаълум шахслар давлат экология инспекторларига рейд пайтида ҳужум қилгани ҳақида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Тўрт киши «Жигули» автомашинасида туман экология бўлими бошлиғи А.Н. ва бош мутахассис А.Ж. йўлини тўсиб, уларнинг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилган. Ҳужжатларни текшириш вақтида қонунбузарлар инспекторларга ҳужум қилиб, уларга ўртача оғирликдаги жароҳат етказган.
Жабрланганлар Янгийўл тумани марказий шифохонасига ётқизилган, уларнинг ҳолати ўртача оғирликда деб баҳоланмоқда.
Ушбу ҳолат бўйича тергов ишлари Янгийўл тумани ИИБ томонидан олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 21 ноябрида Ўзбекистон президенти ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қонунчиликка ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди.
Ҳужжатга кўра, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторлари фаолиятига тўсқинлик қилиш, шу жумладан, уларнинг текширув ўтказишига тўсқинлик қилиш, ҳудудлар ва иншоотларни кўздан кечиришга рухсат бермаслик, шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузилишини бартараф этиш бўйича кўрсатмаларни бажармаслик фуқароларга 5 дан 10 БҲМгача, мансабдор шахсларга эса 20 дан 30 БҲМгача жарима солишга олиб келади (аввалги жарима миқдори фуқаролар учун 1 дан 3 гача, мансабдор шахслар учун 3 дан 5 гача БҲМ эди). Бир йил давомида такрорий ҳуқуқбузарлик содир этилса, фуқароларга 10 дан 15 гача, мансабдор шахсларга эса 30 дан 40 гача БҲМ ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланади.