Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги махсус вакили этиб Эдуардс Стипрайс тайинланди

Эдуардс Стипрайс расми

Европа Иттифоқи Кенгаши Марказий Осиё бўйича Европа Иттифоқининг (ЕИ) янги махсус вакили (ЕИМВ) этиб Эдуардс Стипрайсни тайинлади. У ўз вазифаларини 2025 йил 1 мартдан бошлайди, дастлабки мандати икки йил муддатга белгиланган, деб хабар берди Европа Иттифоқи Кенгаши сайти.

«Янги ЕИМВнинг вазифаси Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни умумий қадриятлар асосида ривожлантириш, минтақа давлатлари ўртасида барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, демократия, қонун устуворлиги, самарали бошқарув ҳамда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларга ҳурматни кучайтиришдан иборат бўлади», — дейилади Европа Иттифоқи Кенгаши баёнотида.

ЕИМВнинг бошқа вазифалари қаторида Европа Иттифоқининг самарадорлиги ва кўринишини ошириш, шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва БМТ каби халқаро ташкилотлар ва ҳамкорлар билан яқинроқ ҳамкорлик қилиш орқали интеграцияни кучайтириш ҳам бор, дейилади хабарда.

Эдуардс Стипрайс — катта тажрибага эга латвиялик дипломат, дейилади баёнотда. У Латвиянинг Европа Иттифоқидаги доимий вакили ва Латвия Ташқи ишлар вазирлигида давлат котибининг ўринбосари — сиёсий директор лавозимларида ишлаган. 2016—2020 йилларда у Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегациясини бошқарган, шунингдек, Латвиянинг Буюк Британия ва Франциядаги элчиси бўлган.