
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Наманганда «Ислом давлати — Хуросон вилояти» халқаро террористик ташкилотининг яширин ячейкасини фош этди. Бу ҳақда шанба куни ДХХ матбуот хизмати хабар берди (видео).
Маълум қилинишича, гуруҳга 19 ёшли қиз (асосий фотосуратда) асос солган бўлиб, у 2022 йилда Истанбулдаги (Туркия) «ҳужра»да диний таълим олган ва у ерда «унинг қарашлари кескин ўзгарган».
«Бундан хабар топган отаси қизини тўғри йўлга солишга уринган, бироқ у отасини кофирликда айблаган ва ўз отасини „кофир“ деб атаган», — дейилади хабарда.

«Ячейка етакчиси Telegram мессенжерида умумий сони 120 нафардан ортиқ иштирокчига эга виртуал каналлар ва гуруҳлар очган. Уларда „Ислом давлати“ ташкилотининг атрибутикасини, экстремистик материалларни, шунингдек, жиҳодчи мазмундаги аудио ва видеофайлларни тарқатган. Шунингдек, гуруҳнинг бошқа иштирокчилари билан муҳокамалар олиб борилган», — дея хабар берди ДХХ.
Гуруҳда «ёшларни „жиҳод“ руҳида, шариат қонунлари асосида тарбиялашга қаратилган постлар ва диний чақириқлар жойлаштирилган, мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий ва диний ислоҳотларга қарши норозилик кайфиятини шакллантириш, шунингдек, аҳоли орасида „Ислом давлати“ ғоясини тарғиб қилиш» қўшимча қилинган хабарда.
Гуруҳнинг 16 аъзоси яшаётган манзилларда ўтказилган тинтувларда ашёвий далил сифатида 37 та мобил телефон, ношири кўрсатилмаган 51 дона диний адабиёт, 40 та DVD диск, 4 та флеш-карта, ноутбук ва планшет олиб қўйилди.
Яширин гуруҳ Наманганда йиғилишлар ўтказган, у ерда «халқаро террористик ташкилотларнинг „жиҳод“га чақирувчи ва „шаҳид“ бўлишни тарғиб қилувчи мафкуравий ваъзлари фаол тарғиб қилинган», дейилади хабарда.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзоларидан бири Намангандаги хусусий университетнинг таъсисчиси бўлиб чиққан.
Гуруҳ ташкилотчиси ва 3 нафар фаол аъзосига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Гуруҳнинг қолган аъзоларига нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

