Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи»нинг биринчи саммитида сўзга чиқиб, минтақавий хавфсизлик ва Афғонистон билан ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтди.
Президент таъкидлашича, хавфсизликка таҳдидлар ҳар икки минтақа учун умумий бўлиб, улар қаторига терроризм, экстремизм, радикализм, кибержиноятчилик, гиёҳванд моддалар савдоси ва ноқонуний миграция киради.
«Европалик ҳамкорларнинг терроризмга қарши курашиш бўйича мулоқотни йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлаймиз», — деди давлат раҳбари.
У, шунингдек, BOMCA ва CADAP дастурлари доирасида ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон раҳбари мамлакат Афғонистоннинг тинч тараққиёти масалалари бўйича сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
«Афсуски, жаҳон ҳамжамияти бу мамлакат ҳудудидан келаётган барча таҳдидларни тўлиқ баҳоламаяпти. Биз афғон томонини минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб этиш, хусусан, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани тиклаш орқали жалб этиш зарур, деб ҳисоблаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
У халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистоннинг ҳозирги ҳокимияти билан конструктив мулоқотни йўлга қўйиш орқали қабул қилинган мажбуриятларни бажариш зарурлигини тушуниши ва қўллаб-қувватлашидан умидвор эканини билдирди.