«Довуд ота» чегара пости орқали ҳаракатланиш чеклови 1 сентябргача узайтирилди

Ўзбекистон ва Қозоғистон «Довуд ота» ва «Тажен» ўтказиш пунктлари орқали чегарани кесиб ўтишдаги чекловларни яна 4 ойга — 1 сентябргача узайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда «Казинформ» Қозоғистон Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитасига таяниб хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланиш постни реконструкция қилиш мақсадида 2025 йил 1 февралдан бошлаб 3 ойга тўхтатилган эди. Бу чеклов жисмоний шахслар, енгил автомобиллар, автобуслар ва рухсат этилган оғирлиги 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобилларига тааллуқли.

Қозоғистон томонининг маълумотларига кўра, ҳозирда у ерда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда: металл конструкцияларни ўрнатиш, муҳандислик тармоқларини ётқизиш, биноларни капитал таъмирлаш.

Ҳаракатланиш чекловининг янги муддатга узайтирилиши қурилиш ишларининг давом этаётганлиги билан боғлиқ. Қўшимча равишда майдан августгача «ҚазАвтоЙўл» компанияси «Довуд ота» ва «Тажен» пунктлари ўртасидаги нейтрал ҳудудда автомобиль йўлини ётқизади. Ўзбекистон томонидан ҳам шунга ўхшаш ишлар режалаштирилгани хабар қилинмоқда.

Ҳайдовчилардан сафарлар ва маршрутларни режалаштиришда ушбу маълумотларни инобатга олишлари сўралади.