Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 15/07/2026

Дилноза Каттахонова Ўзбекистон бош вазири ўринбосари этиб тайинланди

Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонова Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб тайинланди. Бу маълумотни президент матбуот котиби Шерзод Асадов тасдиқлади.

У ушбу лавозимда 2022 йил мартидан буён бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ишлаб келган 57 ёшли Зулайҳо Маҳкамованинг ўрнини эгаллайди, дейди нашр суҳбатдоши.

Кадрлар ўзгариши расман ҳали эълон қилингани йўқ. Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, жумладан, бош вазир ўринбосарлари номзодлари Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан мажбурий тартибда маъқулланиши керак.

Дилноза Каттахонова 1991 йил 2 июлда Қўқон шаҳрида туғилган. Тайинлов амалга ошса, 35 ёшли Каттахонова мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг ёш бош вазир ўринбосари бўлади.

У Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг бакалавриат ва магистратура босқичларини тамомлаган. Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга, Ҳарвард университетининг Жон Кеннеди номидаги Давлат бошқаруви мактаби магистрлик дастури тингловчиси ҳисобланади.

Каттахонова турли йилларда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ёшлар иттифоқида фаолият юритган, «Камалак» болалар ташкилотига раҳбарлик қилган.

2020 йил июль ойида у ўшанда янги ташкил этилган Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари, 2023 йил декабрида эса агентлик директорининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.

Каттахонова «Дўстлик» ордени, «Халқлар дўстлиги» ва «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишонлари билан мукофотланган. У, шунингдек, Зульфия номидаги Давлат мукофоти совриндори ҳисобланади.