Ўзбекистон Марказий банки ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга муносабат билдирди. Унда айрим банклар депозит ҳисобварақларидан маблағ ечиб олишда мижозлардан пул манбасини тасдиқловчи ҳужжатлар, шу жумладан, авто ёки кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини талаб қилаётгани ҳақида гап кетган эди.
Марказий банк ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг 2017 йил 23 майдаги қарорига мувофиқ, банклар мижознинг олдин берилган маълумотлари ҳаққонийлигига шубҳа туғилганда ёки жиноий даромадларни ювиш хавфи мавжуд бўлганда қўшимча текширув ўтказиши шарт.
Банкнинг тушунтиришича, бу талаблар жисмоний шахсларнинг депозит ҳисобварақларига тааллуқли эмас. Назорат фақат йирик халқаро пул ўтказмаларига қаратилган бўлиб, унда ҳам резидентлар, ҳам норезидентлар иштирок этади.
Марказий банк молиявий хизматлар соҳасида юзага келаётган муаммолар ва камчиликларни фуқаролар, тадбиркорлар ҳамда бошқа манбалардан олинаётган мурожаатлар асосида мунтазам ўрганиб бораётганини ва уларни бартараф этиш чораларини кўраётганини таъкидлади.
Банклар депозитни ёпишда ҳужжат талаб қилмоқдами?
Spot нашри бу борада бир нечта банкка мурожаат қилди. Банклар депозитни ёпишда ва маблағ ечиб олишда мижозлардан қўшимча ҳужжат талаб қилинмаслигини маълум қилди.
Қонунбузарлик ҳолатларида қаерга мурожаат қилиш мумкин?
Агар банк депозитдан пул ечиб олишда мижоздан маблағ манбасини тасдиқлашни талаб қилса, қуйидаги рақамларга мурожаат қилиш мумкин: (71) 212−60−94, (71) 212−73−62
Шунингдек, банк, микромолиявий ва тўлов ташкилотлари фаолиятида истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ шикоят ва таклифлар Марказий банкнинг электрон манзилига юборилиши мумкин: info@cbu.uz