Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) АҚШдан Ўзбекистон фуқароларининг бошқа давлатларга депортация қилиниши ҳақида ОАВда тарқалаётган маълумотларни кузатиб бормоқда. Бу ҳақида ТИВ матбуот котиби Ахрор Бурхонов ИА «Дунё»га маълум қилди. У АҚШдан 200 нафар Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон фуқароларининг Коста-Рикага депортация қилиниши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
«Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги бош консулхонаси кўп йиллардан буён АҚШ ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилиб, Ўзбекистон фуқароларини хавфсиз депортация қилишни таъминлаш борасида иш олиб бормоқда. Биз қабул қилган келишувларга мувофиқ, Америка томони республикамиз фуқароларининг ҳар бир депортация ҳолати ҳақида тезкор равишда маълумот беради. Амалиётга кўра, фуқароларимиз Нью-Йорк — Тошкент йўналиши бўйича ватанга қайтарилади», — деди у.
«Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари Америка томонига бошқа давлатларга депортация қилиш эҳтимоли юзасидан расмий маълумот бериш бўйича мурожаат қилди. Бундан ташқари, Лотин Америкаси давлатлари билан дипломатик каналлар орқали алоқа ўрнатилган. АҚШдаги дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан тегишли сўровлар келиб тушган тақдирда, Ўзбекистон фуқаролари қаерда бўлишидан қатъи назар, тўлиқ ёрдам кўрсатилади», — деди ТИВ вакили.
2025 йил 14 февраль куни АҚШдан Марказий Осиё ва бошқа давлатлардан келган шахсларни ўз ичига олган илк рейс Панамага етиб борди. Депортация қилинганлар орасида қанча ўзбекистонлик борлиги ҳақида маълумот берилмаган.