
Денов тумани жиноят ишлари бўйича собиқ суд раиси Камолиддин Муродов (1982 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг раиси бўлиб ишлаган) ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этгани учун судланди, дея хабар берди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.
Собиқ судья 9 март куни аварияга учраган, натижада у билан бир машинада бўлган адвокат ҳалок бўлган. Ҳайдовчи турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
Kun.uz хабарига кўра, Муродов маст ҳолатда рулда бўлган, йўлдан чиқиб кетиб, дарахтга урилган. Муродовнинг ўзи рулда бўлганини инкор этган. Бироқ, суд-тиббий экспертизаси ҳодиса содир бўлган пайтда айнан у машинани бошқарганини тасдиқлаган.
Ўшанда Судьялар олий кенгаши хизмат текшируви ўтказилишини маълум қилган эди. Натижада Судьялар этика кодекси бузилганлиги аниқланган ва Сурхондарё вилояти судьялари малака ҳайъати қарори билан туман суди раисининг ваколатлари муддатидан олдин тугатилган.
2024 йил декабрь ойи охирида Камолиддин Муродов суддан яширинган. Шу муносабат билан Қарши жиноят ишлари бўйича суди сиртдан унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаган ва уни қидирувга эълон қилган.
Муродов иши Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг очиқ мажлисида кўриб чиқилди. Суд Камолиддин Муродовни Жиноят кодекси 266-моддаси 2-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди.
Маҳкумга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди. У жазони манзил-колонияда ўтайди.

