Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 20/04/2026

Деновдаги газ қуйиш шохобчасида юз берган портлашда икки киши жароҳатланди

2026 йил 7 апрель куни эрталаб Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчасида портлаш ва ёнғин содир бўлди, деб хабар берди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

«Оқтом» маҳалласидаги ёнғин ҳақида хабар соат 8:24 да келиб тушган. Портлаш «КАМАЗ» автомобилидан шохобча резервуарига суюлтирилган пропан газини тушириш вақтида юз берган.

Ёнғинни ўчиришда 5 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси иштирок этди. Улар воқеа жойига соат 8:39 да етиб бориб, ёнғинни 8:42 да қуршаб олишган ва соат 10:10 да тўлиқ бартараф этишган.

Олов оқибатида икки нафар фуқаро жароҳатланди. Бири танасининг 10 фоизи, иккинчиси эса 3-4 фоизи енгил куйиши билан шифохонага ётқизилган.

«Уларнинг ҳаётига таҳдид йўқ, аҳволи қониқарли. Ҳалок бўлганлар йўқ», — деб хабар берди ФВВ.

Дастлабки маълумотларга кўра, резервуарнинг герметиклиги бузилишига пропанни тушириш вақтида технологик жараённинг бузилиши сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Воқеа жойига вилоят ФВБ ходимлари, Денов тумани ички ишлар органлари вакиллари, соғлиқни сақлаш хизмати ва «Ҳудудгазтаъминот» ходимлари етиб келган.

Ҳозирда ҳодисанинг аниқ сабаблари белгиланмоқда.