Ўзбекистонда самарадорлиги исботланмаган дорилар даволаш протоколларидан чиқарилади

Ўзбекистонда халқаро манбалар томонидан самарасиз ёки етарлича ўрганилмаган деб топилган дориларни чиқариб ташлаш мақсадида клиник протоколлар қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда 2025 йил 7 май куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Қайд этилишича, ривожланган мамлакатларда далилли тиббиёт принципи қўлланилади — фақат самарадорлиги ва хавфсизлиги йирик клиник тадқиқотлар билан тасдиқланган дорилар ишлатилади.

Президентнинг сўзларига кўра, мамлакатда ҳар йили самарадорлиги исботланмаган ёки ўрганилмаган дориларга 700 миллион долларгача маблағ сарфланади, уларнинг импортдаги улуши 42%га етади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига бундай препаратларни клиник протоколлардан чиқаришни бошлаш топширилди.

Барча тиббий муассасаларда, айниқса болалар шифохоналарида антибиотикларни қўллашнинг асосланганлиги бўйича комплекс текширув ўтказилади. Протоколларни бузган ходимларга нисбатан чоралар кўрилади.

Бош прокуратурага рецептли дориларни ноқонуний сотиш учун жазо муқаррарлигини таъминлаш топширилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида «электрон рецепт» тизимини синов лойиҳаси сифатида жорий этиш, кейинчалик эса бутун мамлакат бўйлаб тарқатиш бўйича кўрсатма берилди. Пойтахтда ушбу тизимга 2024 йил охиригача ўтиш режалаштирилган эди.

2024 йилнинг февраль ойида президент 300 та клиник протокол ва стандартни халқаро мезонларга мослаштириш бўйича топшириқ берган эди.

Антибиотиклар шифокор рецептисиз бериладиган дори воситалари рўйхатига кирмайди ва дорихоналарда махсус бланкадаги рецепт кўрсатилгандагина берилиши керак. Бироқ, Ўзбекистонда бу норма кенг тарқалган ҳолда бузилмоқда.

Антибиотиклар дунёда энг кўп қўлланиладиган дорилар қаторига киради ва тиббиётнинг деярли барча соҳаларида ишлатилади. Бироқ, нотўғри қўлланилиши натижасида улар ҳақиқатан зарур бўлганда ёрдам бермай қўяди. Ер юзи миқёсида антибиотикларга чидамлилик инсон саломатлиги учун ўсиб бораётган глобал таҳдидга айланди.

Дориларга кўп чидамли бактериялар келтириб чиқарган инфекциялардан бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар ўлмоқда ва ўтган йилги йирик тадқиқотга кўра, ўлим сони 2021 йилдан 2050 йилгача 68%га ўсиши мумкин. Ҳисоботга кўра, кейинги 25 йил ичида антибиотикларга чидамли инфекциялардан 39 миллиондан ортиқ одам, яна 130 миллион одам эса шунга боғлиқ сабаблар туфайли ўлиши мумкин. Антибиотикларни қўлланиш қоидаларини эслатамиз, уларга риоя қилиш саломатлик ҳақида қайғуришнинг муҳим қисмидир.