Давлат тили бўйича имтиҳон барча мактаб битирувчилари учун мажбурий бўлади

2025 йилдан бошлаб таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари ҳам давлат тили бўйича якуний имтиҳон топширишлари шарт бўлади. Бу ҳақида 2025 йил 20 февраль куни Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Хилола Умарова буйруқ имзолади.

Ҳужжат билан якуний давлат аттестацияси ўтказиладиган фанлар рўйхати, имтиҳонларни ўтказиш шакли, умумтаълим фанлар ва чет тилларини билиш даражасини баҳолайдиган миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати тасдиқланди.

9-синф ўқувчилари учун якуний давлат аттестацияси қуйидаги фанлар бўйича ўтказилади:

  • Она тили ва адабиёт (ўзбек тилида таълим олувчи синфлар учун) — ёзма;
  • Давлат тили (таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган синфлар учун) — ёзма;
  • Математика — ёзма;
  • Ўзбекистон тарихи — ёзма/оғзаки;
  • Жисмоний тарбия — амалий шаклда.

11-синф ўқувчилари учун якуний давлат аттестацияси:

  • Она тили ва адабиёт (ўзбек тилида таълим олувчи синфлар учун) — ёзма;
  • Давлат тили (таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган синфлар учун) — ёзма;
  • Математика (асосий/чуқур ўрганиш курси) — ёзма;
  • Тарих — ёзма.

Ўқувчининг танловига кўра:

  • Она тили ва адабиёт (қарақалпоқ, рус, қозоқ, туркман, тожик, қирғиз тилларида таълим олувчи синфлар учун), биология, физика, кимё, давлат ҳуқуқи асослари, география — ёзма;
  • Чет тили — ёзма/оғзаки.