Ўзбекистонда давлат қарзини хизмат кўрсатиш харажатлари кескин ошди

Ўзбекистонда давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари ошгани ҳақида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2024 йил бюджети дастлабки ижроси тўғрисидаги маълумотлардан келиб чиқмоқда.

Ўтган йили давлат қарзи бўйича фоиз тўловлари 1,8 баробарга ўсиб, 8,2 трлн сўмдан 14,5 трлн сўмга етди. Яъни давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари деярли 1,2 миллиард долларни ташкил этди.

2025 йилда бу мақсад учун 20,5 трлн сўм ажратилиши прогноз қилинмоқда.

2024 йили давлат қарзини ўзини тўлаш учун 32,27 трлн сўм йўналтирилиши режалаштирилган эди. 2025 йил бу сумма 42,8% га ошиб, 46,08 трлн сўмга етиши мумкин.

Қизиғи шундаки, ижтимоий нафақалар харажатлари 8,9% га, яъни 2,3 трлн сўмга камайган — 25,9 трлн сўмдан 23,6 трлн сўмга. Давлат бюджети ҳисобидан нафақалар, моддий ёрдам ва бошқа компенсацияларга 15,4 трлн сўм ажратилган, бу 2023 йилга (19,2 трлн сўм) нисбатан 3,8 трлн сўмга ёки 19,8% кам.

Аввалроқ иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров 2024 йилда кам таъминланган оилаларни аниқлаш мезонларини қайта кўриб чиқиш ва болалар нафақалари ҳамда моддий ёрдамни «ижтимоий адолат тамойиллари асосида» қайта тақсимлаш ҳисобига 2 трлн сўм тежаш режалаштирилганини маълум қилган эди.

Давлат бюджети харажатлари доирасида иш ҳақлари учун сарфланган маблағлар 13,4% га ошиб, 89,8 трлн сўмдан 101,8 трлн сўмга етди.

Давлат бошқаруви органлари, адлия, прокуратура ва судлар, шунингдек, маҳалла тизими ва фуқаролик жамияти институтларини (маҳаллалар) давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатлари 2 трлн сўмга ошиб, 15,9 трлн сўмдан 17,9 трлн сўмга (+12,6%) етди.

Таълим учун ажратилган маблағлар 61,2 трлн сўмдан 71,2 трлн сўмга, соғлиқни сақлаш учун — 31,1 трлн сўмдан 36 трлн сўмга, фан учун — 1,8 трлн сўмдан 2 трлн сўмга ошди.

Агар 2023 йилда таълим учун давлат бюджети умумий харажатларининг 21,8% ажратилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 22,9% ни ташкил қилди. Соғлиқни сақлаш харажатлари улуши 11% дан 11,5% га ошди, фан учун ажратилган маблағ эса деярли ўзгармади (0,64%).

Бирлашган (консолидация қилинган) бюджет харажатлари (давлат бюджетига қўшимча равишда давлат мақсадли фондлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини ўз ичига олади) билан солиштирилганда, таълим соҳасининг умумий харажатлардаги улуши 16% дан 16,4% га, соғлиқ сақлашники эса 8,2% дан 8,3% га ошган.

2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистон давлат қарзи 5,3 миллиард долларга ўсиб, 40,2 миллиард долларга етди. Қарзлар асосан давлат бюджети харажатларини қоплаш мақсадида жалб қилинган. Энг йирик кредитор сифатида Жаҳон банки қолмоқда.