
Ўзбекистон президентининг 2026 йил 1 апрелдаги фармони билан аҳоли билан мулоқот қилиш тизими қайта кўриб чиқилди. Фармондан кўзланган мақсад — аҳоли ва давлат органлари ўртасида очиқ ва самарали мулоқотни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш орқали уларни давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш.
Ҳужжат Халқ қабулхоналарининг «ягона вертикал тизими»ни жорий этиш орқали улар фаолияти самарадорлигини оширишга, шунингдек, Халқ қабулхоналарининг «маҳалла еттилиги» ва давлат органларининг ахборот хизматлари билан яқин ҳамкорлиги орқали «мурожаатларни бевосита ҳудудларда қабул қилиш ва кўриб чиқишга эришиш»га қаратилган.
Президент Халқ қабулхонаси юридик шахс мақомини олди. Ҳудудлардаги Халқ қабулхоналари унинг юридик шахс ташкил этмаган алоҳида бўлинмалари ҳисобланади ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан шакллантирилади.
Унинг фаолияти Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти томонидан мувофиқлаштирилади. Апрель ойи бошида Фаррух Омонов Халқ қабулхонаси раҳбари этиб тайинланди.
Халқ қабулхонасининг вазифалари, ҳуқуқ ва ваколатлари
Вазифалар рўйхатига президентга ва Президент Администрациясига ариза ва шикоят билан мурожаат қилган жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш ҳамда уларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини таъминлаш киритилган. У мурожаатларни «ҳар томонлама, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилишини» ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан назорат қилинишини ташкил этиши керак.
Халқ қабулхонаси мурожаатларда кўтарилган ва жойларда аниқланган тизимли муаммоларни таҳлил қилиб, тегишли материаллар тайёрлайди. Шунингдек, у вазирлик, идора ва ҳокимликларда мурожаатлар билан ишлашда қонунчиликка риоя этилишини назорат қилади ҳамда тегишли ташкилотларга кўрсатма ва топшириқлар юборади.
Президент Халқ қабулхонаси зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ходимларини, «маҳалла еттилиги» аъзоларини жалб қилган ҳолда вазиятни ўрганиш ҳуқуқига эга бўлди.
У давлат органлари раҳбарлари томонидан сайёр ва оммавий қабуллар ўтказилишини назорат қилади, шунингдек, аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган масалалар бўйича қабулларни ташкил этиш юзасидан ижро этилиши мажбурий бўлган талабларни киритади.
Мурожаатлар билан ишлаш ҳолати тўғрисидаги таҳлилий маълумотлар парламентга ва ҳудудий халқ депутатлари кенгашларига киритилади.
Халқ қабулхонаси давлат органлари раҳбарларига мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик бузилиши, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиши мумкин. Аниқланган қоидабузарликлар бўйича у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ва уни судга юбориш ҳуқуқига эга.
Ваколатлар рўйхатига, шунингдек, мурожаатларни кўриб чиқувчи давлат органларига масалаларни ҳар томонлама текшириш ва самарали ҳал этиш бўйича кўрсатмалар бериш ҳам киритилган. Халқ қабулхонаси ўз ваколатлари доирасида давлат органларидан статистик, таҳлилий материаллар ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин. Унга аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида давлат органлари ҳудудлари ва биноларига тўсқинликсиз киришга рухсат берилди.
Давлат органлари Халқ қабулхонаси талаб ва кўрсатмаларини бажармаган тақдирда, материаллар чора кўриш учун прокуратура органларига киритилиши мумкин.
Вақт назорати ва шошилинчлик даражалари
2026 йил 1 майдан бошлаб президентнинг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар бўйича вақт назорати режими ўрнатилади. Бунда кўриб чиқиш муддати ўтган мурожаатлар ижро этиш учун автоматик равишда юқори турувчи давлат органига ўтади.
Виртуал қабулхонада мурожаатларни «шошилинч», «оддий», «маслаҳат талаб қиладиган» тоифаларига ажратиш амалиёти жорий этилади. Назоратга қайтарилган мурожаатлар уч иш куни ичида юқори турувчи органлар томонидан қайта ўрганилади.
Давлат органлари раҳбарларининг мурожаатлар билан ишлаш бўйича ҳисоботларини Олий Мажлис палаталарида, ҳокимларнинг ҳисоботларини эса маҳаллий кенгашларда ҳар чоракда камида бир марта эшитиш тартиби жорий этилмоқда.
Давлат органларининг ахборот хизматлари Халқ қабулхоналари билан биргаликда ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги мурожаатлар юзасидан эътирозларни ўрганишлари керак. Бу уларнинг фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларида акс этади.
Шахсий қабуллар ва рейтинг
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари тегишли Халқ қабулхонасига жамоатчилик асосида раҳбарлик қиладилар. Улар фуқароларни мунтазам равишда шахсан қабул қилишлари, муаммоларни жойида ҳал этишлари ва мурожаатларни таҳлил қилишлари шарт.
Тизимли муаммоларни ҳал этиш ва таҳлил қилиш учун давлат органларида, хусусан маҳаллий ҳокимликларда доимий ишловчи ишчи гуруҳлар ташкил этилади. Уларга биринчи раҳбарлар бошчилик қилади ва ҳар уч ойда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.
Виртуал қабулхона сайтида ҳар олти ойда давлат органлари ва ҳокимликларнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича рейтинги эълон қилинади. Шахсий ва сайёр қабуллар тизимини тўлиқ рақамлаштириш орқали жараёнлар устидан назорат кучайтирилади.
Фармонга кўра, жамоавий мурожаатлар аҳоли ва «маҳалла еттилиги» вакиллари иштирокида ўрганилади ва уларнинг розилиги асосида назоратдан ечилади.
2026 йил март ойи ўрталарида президент мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказган эди. У биргина Тошкент шаҳрида 170 мингта мурожаатнинг ярмидан кўпи ҳал этилмаганини қайд этиб, мурожаатларга бепарволик одамларнинг давлатга бўлган ишончини сусайтиришини таъкидлаган эди.