Ўзбекистонда Давлат Cyber University ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев 20 январь куни Давлат Cyber University ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Янги университет ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик, рақамли технологиялар ва рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект асосида автоматлаштирилган ахборот-таҳлилий тизимлар яратиш, робототехника ва бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш билан шуғулланади.

Шунингдек, бу ерда рақамли технологиялар соҳасидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишлари амалга оширилади.

Ўқув жараёнини 2025 йил сентябрь ойидан хорижий илғор тажрибалар ва замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этиш режалаштирилган.

Университет базасида IT-кластер ташкил этилади. Унинг асосий фаолият йўналишларидан бири технологик ва инновацион ғояларга йўналтирилган стартап-лойиҳаларни амалга ошириш бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябрь ойида 2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегияси қабул қилинган эди. Унда мамлакатни минтақавий IT-марказга айлантириш вазифаси белгиланган.

Декабрь ойида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган йиғилишда давлат органлари ходимлари, шунингдек, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарларининг сунъий интеллект соҳасида малакасини ошириш бўйича 3000 нафар мутахассисни ўқитиш режалари ҳақида гапирилган эди.