Чорвоқда «Сижжак» ва «Юсуфхона» маҳаллалари ўртасида шиша осма кўприк қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 14 апрель куни Ўзбекистонда туризм ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

2025 йил 9 апрелда ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва табиати ҳисобига сайёҳлар оқимини 2−3 баробарга ошириш имконияти мавжудлигини таъкидлади.

Ушбу йўналишлардан бири сифатида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган «Чорвоқ дарвозаси» мажмуасини ривожлантириш белгиланган. Президент декабрда қурилиш ишлари билан танишган эди, ҳозирда унинг биринчи босқичи якунланган. Унинг доирасида 16 та кўп қаватли уй, учта меҳмонхона, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, банк офиси ва 1000 автомобиль учун автотураргоҳ қурилган. Бинолар қуёш панеллари билан жиҳозланади.

"Сижжак" ва "Юсуфхона" мост

Тақдимотда мажмуани ривожлантиришнинг кейинги босқичлари ҳам намоён этилди. Шунингдек, комплексни арзон ва экологик тоза электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Чирчиқ дарёсида кичик ГЭС қуриш таклиф этилди.

Бундан ташқари, 2 гектар майдонда аквапарк, 1 гектарлик тадбирлар майдони, 262 ўринли 3 юлдузли Wyndham Garden меҳмонхонаси қуриш режалаштирилган.

Шиша мост "Чорвоқ"

«Янги Тошкент» шаҳри қурилиши дирекцияси директори, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Давронжон Одилов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида 377 метрлик осма кўприк қуриш режалаштирилганини маълум қилди. Бу кўприк «Юсуфхона» ва «Сижжак» маҳаллаларини боғлайди. Тақдим этилган слайдларга кўра, кўприкнинг бир қисми шишадан бўлади.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш учун Хитой, Туркия ва бошқа мамлакатларнинг тажрибали компаниялари билан музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.