Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 29/05/2026

Чирчиқда пиёдаларни уриб юборишига бир баҳя қолган эркак икки йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинди

Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси икки нафар фуқарони уриб юборишига бир баҳя қолган ҳайдовчи жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Cobalt русумли автомобиль рулида бўлган шахс пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган она ва болани уриб юборишига бир баҳя қолгани акс этган видео тарқалган эди. Ўша пайтда автомобиллар учун светофорнинг қизил чироғи ёниб турган бўлган.

Видео эълон қилинганидан кейин ЙҲХБ ходимлари қоидабузарнинг шахсини аниқлашди.

«Пиёдалар ўтиш жойида пиёдани пайқамай ўтиб кетдим. Айбимга иқрорман. Лекин буни қасддан қилмадим. Вазият шундай бўлиб қолди. Кечирим сўрайман, минг бор кечирим сўрайман. Пушаймонман», — деди ҳайдовчи ЙҲХБ томонидан эълон қилинган видеода.

Видеороликда, шунингдек, унинг беш ёшли фарзанди борлиги ва таксичи бўлиб ишлаши айтилган.

Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−10-моддаси (йўл безорилиги) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди. Судда ҳайдовчига ушбу модда бўйича мумкин бўлган энг юқори санкция қўлланилди — у икки йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. У, шунингдек, БҲМнинг 25 баравари — 10,3 миллион сўм миқдорида жарима тўлаши керак.