2025 йил 21 февраль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати йиғилишида электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятини маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича қарзи мавжуд бўлган фуқаролар учун чеклашни назарда тутувчи қонун маъқулланди.
Таъкидланишича, аҳолининг маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича дебиторлик қарзи 2019 йилдаги 74 миллиард сўмдан 2025 йил бошига келиб 600 миллиард сўмга етган.
Сенатда бу ҳолат ташкилотларнинг асосий фондларини янгилаш, хизматлар сифатини ошириш ва соҳага тадбиркорларни жалб этишга тўсқинлик қилаётганини қайд этилди.
Мажлисда таъкидланишича, тўловларни амалга оширмаган фуқароларга нисбатан чоралар «ҳали ҳам фақат суд орқали кўрилаётгани» боис бу жараён узоқ давом этади.
Қонун билан «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддаси (Истеъмолчилар ҳуқуқларини чекловчи шартларнинг ҳақиқий эмаслиги), Уй-жой кодексининг 134-моддаси (кўп қаватли уй-жой мулкини сақлаш харажатларини ва коммунал хизматлар учун мажбурий тўловларни тўлаш муддати), «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси (Ҳукмрон мавқени ва устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлаш), «Электроэнергетика тўғрисида»ги қонун, шунингдек, Фуқаролик кодексига ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, чиқинди учун қарзи бор фуқароларга SMS орқали хабар юборилади. Агар тўлов амалга оширилмаса, электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш вақтинча чекланади.
Электр энергияси учун тўловларни қабул қилишдаги вақтинчалик чекловлар истеъмолчилар чиқинди тўловлари бўйича қарзини тўлаганидан сўнг автоматик тарзда бекор қилинади.
Шунингдек, маиший чиқиндиларни олиб чиқиш билан шуғулланувчи ташкилотлар тўловларни тўғри ҳисоблаш учун жавобгар эканлиги белгиланган. Агар бу талаб бузилса, истеъмолчига етказилган зарар қопланади.
Давлат ва хусусий уй-жой фондидаги мулкдорлар, ижарачилар ва ёлловчилар уч ойдан ортиқ мажбурий тўловларни амалга оширмаган тақдирда, сув таъминоти ва канализация, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш хизматлари мустасно, коммунал хизматлар кўрсатилиши вақтинча тўхтатилади. Чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш хизмати ҳам бу рўйхатга киритилган.
Илгари депутатлар маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар ҳар ойнинг 5-кунидан кечиктирмай амалга оширилиши кераклиги таъкидлаган эди (айрим меъёрий ҳужжатларда 10-куни деб кўрсатилган). Ҳуқуқий палатанинг маълум қилишича, аҳолига қарзни тўлаш учун яна 5 кунлик имтиёз берилади.
Сенатор Анвар Туйчиев янги тартиб фақат уч ой давомида SMS-хабарномадан сўнг тўловни мутлақо инкор қилувчи қарздорларга татбиқ этилишини аниқлаштирди.
«Менимча, уч ой давомида катта қарзи йиғилган ва SMS олган фуқаро тўловни амалга оширади. Унгача ҳеч ким уни электр энергиясидан узиб қўйиш ҳуқуқига эга эмас», — деди у.
Шу билан бирга, Экология вазирлиги вакили таъкидлаганидек, чекловлар босқичма-босқич жорий этилади.
Биринчи босқичда янги тартиб Тошкент, Нукус ва бошқа вилоят марказларига жорий қилинади. Бу ҳолда чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун олти ойдан ортиқ тўлов қилмаганларга чекловлар қўлланилади. Кейинчалик чекловлар уч ойлик қарзи бор барча ҳудудлардаги фуқароларга жорий этилади. Учинчи босқичда эса бир ойлик қарзи мавжуд фуқароларга нисбатан ҳам чеклов қўлланилади.
Қонун расман эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради. Унга қадар президент томонидан ҳам имзоланиши керак.
Экология вазири Азиз Абдуҳакимов янги тартиб эски қарзларга тааллуқли эмаслигини таъкидлади. «Янги биллинг тизимида биз янги қарзлар билан ишлаймиз. Эски қарзларни алоҳида кўриб чиқамиз ва алоҳида ишлаймиз», — деди у.
Буни Сенат йиғилишида Экология вазирлиги вакили ҳам тасдиқлади. Яъни қарздорлик ҳисоб-китоби қонун кучга кирганидан сўнг бошланади.