
2026 йил январь-март ойларида Тошкент автобусларида йўл ҳақини тўламагани учун 32,4 мингта маъмурий баённома расмийлаштирилди, деб хабар берди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси.
Инспекция маълумотларига кўра, назорат тадбирлари мониторинг натижалари асосида манзилли тарзда ўтказилмоқда. Йил бошидан буён 28 та йўналишда йўл ҳақи тўланиши устидан назорат кучайтирилди, «бунинг натижасида ушбу йўналишларда транзакциялар сонининг нисбий ўсиши кузатилмоқда», дейилади хабарда.
Инспекция йўловчиларни йўл ҳақини ўз вақтида тўлашга чақирди.
Январь ойида йўл ҳақини тўламагани учун 11,5 минг йўловчи, февралда эса 10,3 минг йўловчи жаримага тортилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасига (чиптасиз юриш) асосан, жамоат транспортида йўл ҳақини тўламагани учун БҲМнинг 1/10 қисми — 41 200 сўм миқдорида жарима кўзда тутилган.
Чиптасиз юрганлик учун жавобгарликка тортиш 2025 йил 14 мартдан бошланган эди. Август ойида берилган хабарларга кўра, ўша вақтдан буён Тошкент автобусларида 4090 нафар йўловчи маъмурий жавобгарликка тортилган.
2025 йилда Тошкентда автобусларда йўловчи ташишдан тушган даромад 16 фоизга ўсиб, 644 млрд сўмга етди. Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, автобусларнинг ҳаракатланиш оралиғи икки баравар — 18−20 дақиқадан 8−10 дақиқагача қисқарган. Шу билан бирга, кунлик йўловчи оқими 650 мингдан 1,4 миллион кишига кўпайган.