Ноқонуний криптоактивлар айланмасида айбланган бухоролик 17 ёшли студентнинг жиноят иши тугатилди

Мурод Зухуров - бухоролик 17 ёшли криптовоситачи

2024 йил декабрь ойида 17 ёшли криптовоситачи йигит иши ҳақида ёзган эдик. Бухоро вилоятининг Жондор туманида яшовчи Муроджон Зувуровга нисбатан 34.7 млрд сўмлик криптоактивлар воситачилиги бўйича жиноят иши очилганди.

2025 йил 5 январь куни Экология вазирининг ўринбосари Расул Кушербаев, ушбу йигитга нисбатан жиноят иши тугатилганлиги ҳақида хабар берган.

Маълумотларга кўра, фуқаро 2024 йил май-ноябрь муддати давомида Binance криптобиржаси орқали 1865 та битим амалга оширган. Ушбу битимлар асосида у 1.346 млн USDT (17.339 млрд сўм атрофида) харид қилган ва 1.346 млн USDT (17.341 млрд сўм атрофида) сотувини амалган оширган.

Муроджон Зувуров жиноят ишини фош қилишда терговда фаол иштирок этганлиги ва қилган ишидан пушаймонлигини инобатга олган ҳолда, жиноят иши тугатилган.

Жиноят ишидан маълумотларга кўра, Муроджон Зувуров Бухоро давлат университетининг кечки ўқув бўлимининг 1-курсида, иқтисодиёт ва туризм йўналиши бўйича таҳсил олади. Онаси нафақахўр ва у (Муроджон) оилада ягона фарзанд. Онасининг пенсияси моддий эҳтиёжларни тўла қопламаслиги таъкидланган.

Жиноят иши Бухоро вилояти Ички Ишлар Бошқаруви тергов бўлими терговчиси подполковнинг Э. А. Қосимов томонидан ёпилган. Тергов давомида фуқародан олинган iPhone 15 Pro Max унга қайтарилган, қолган далилий ашёлар жиноят иши ҳужжатлари билан сақланади.

Муроджон Зувуров Расул Кушербаевнинг Xo’p Podcast’ида берган изоҳига кўра, оммавий ахборот воситаларида (ОАВ) хабар берилган 34 млрд сўм бу фойда эмас, балки шу муддат давомида амалга оширилган криптоайланманинг умумий қиймати эканлигини таъкидлаган ва у 4000 АҚШ доллари миқдорида фойда кўрганини айтган.

Ўзбекистонда 2024 йилнинг 19 апрелидан бошлаб, ноқонуний криптоактивларнинг айланмаси ва ноқонуний майнинг учун жавобгарлик белгиланган. Биринчи қоидабузарлик учун 15 кунгача қамоқ жазоси ёки 100 базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) қийматида жарима, такрорий қоидабузарлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.