Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятида магистрал газ қувурида ёнғин содир бўлгани акс этган видео тарқалди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, 10 февраль куни соат 11:26 да Бухоро вилоятида магистрал газ қувурининг 106-километрида авария содир бўлди. Газ қувури Газли магистрал газ қувурлари бошқармасига тегишли бўлиб, унинг диаметри 1020 мм, босими эса 26 кг.
Газ сизиб чиқиши ер ости қувур қисмида, энг яқин аҳоли маскани — Ромитан туманидаги «Қизилработ» маҳалласидан 40 км узоқликда содир бўлди.
«Тезкор чоралар кўриш натижасида соат 11:30 да газ етказиш ёпилди, шундан сўнг қолган газ назоратли тарзда чиқиб турган. Ҳозирда ҳолат тўлиқ бартараф этилди», — дейилади хабарда.
Ҳодиса жойига вилоят ФВБ ходимлари, туман ФВБ бошлиғи ва ёнғин-қутқарув бригадаси етиб келган.
ФВБ маълумотига кўра, ҳодиса натижасида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Энергетика вазирлиги ва магистрал газ қувурларини бошқарадиган «Ўзтрансгаз» компанияси ҳам расмий баёнот бериб, вазиятни бартараф этиш учун барча зарурий чоралар кўрилаётганини билдирди.
«Ўзтрансгаз» компаниясининг маълум қилишича, соат 11:30 да вентиллар ёпилган, шундан сўнг қувурда қолган газ назоратли тарзда чиқиб турибди (у ёнғин ҳолида). Шундан кейин авария бартараф этиш хизматчилари таъмирлаш ишларини бошлайди.
Ижтимоий тармоқларда газ заправкалари иш вақтини 14:00 га қадар чеклаши ҳақида хабарлар тарқалди.
Энергетика вазирлиги дастлаб, ҳодисанинг оқибатлари тўлиқ бартараф этилгунга қадар аҳоли ва ижтимоий объектларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида республика ҳудудларидаги автомобиль газ тўлдириш компрессор станцияларига (АГНКС) вақтинчалик чекловлар киритилаётганини маълум қилди. Кейинроқ бу қисм хабардан олиб ташланди.
Кейинроқ вазирлик вазиятни қўшимча ўргангандан сўнг, газ заправкалари олдин белгиланган тартибда фаолиятини давом эттириши ҳақида қарор қабул қилинганини билдирди.
«Уларнинг фаолияти маҳаллий талаб ва газ қувурларидаги босимга қараб тартибга солинади. Шу муносабат билан аввал эълон қилинган маълумот тўғриланди. Агар бу масала бўйича бирор ўзгариш бўлса, жамоатчиликка қўшимча равишда хабар берилади», — дейилади хабарда.
Газли магистрал газ қувурлари бошқармаси («Газли») — «Ўзтрансгаз» компаниясининг таркибий бўлинмаси бўлиб, Газли минтақасида магистрал газ қувурларини эксплуатация қилиш, хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш билан шуғулланади. У Ўзбекистон ичида ва экспорт учун табиий газни ташишга хизмат қилувчи муҳим газ транспорт магистралларини бошқаради, шу жумладан, «Бухоро-Урал» йўналиши бўйича.
«Бухоро-Урал» газ қувурининг умумий узунлиги 4500 км дан ортиқ бўлиб, у Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россияни боғлайди. У илк бор 1963-1965 йилларда Ўзбекистондан Россия ва бошқа мамлакатларга табиий газ етказиб бериш мақсадида қурилган. 2014 йил кузида у реверс режимда ишга туширилган, яъни газ аксига қараб етказиб берила бошланган.
Бугунги кунда магистрал газ қувури Ўзбекистон ички истеъмолчилари учун табиий газ етказиб бериш мақсадида фойдаланилмоқда.
Россиянинг «Газпром» давлат корпорацияси 2023 йилда «Бухоро-Урал» газ қувури орқали Қозоғистон ва Ўзбекистонга газ етказиб бериш имкониятларини кўриб чиққан эди.