
Ўзбекистонда 2025 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар учун товарларни божхона тўловисиз олиб кириш бўйича янги қоидалар кучга киради. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) бўлиб ўтган брифингда Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Хусан Тангриев бу ҳужжат мазмуни ҳақида гапирди.
Ҳукумат қарорига кўра, 2025 йил 1 майдан республикада жисмоний шахслар учун товарларни божхона тўловисиз олиб кириш нормалари камайтирилади: аэропортлар орқали — 1000 долларгача (ҳозирги — 2000 доллар), темир йўл орқали — 500 доллар (1000 доллар эди). Курьерлик орқали юбориладиган жўнатмалар учун меъёр ҳар чоракда 1000 доллардан ҳар ойда 200 долларгача туширилади.
Хусан Тангриев таъкидлашича, халқаро амалиёт билан солиштирганда Ўзбекистонда божхонасиз олиб кириш нормалари юқори эди.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2023–2024 йилларда божхона қоидалари бузилишининг 1100 та ҳолати аниқланган ва умумий жарима 8,3 миллиард сўмни ташкил этган. Фақат ўтган йили Ўзбекистон фуқаролари номига 5,7 миллиондан ортиқ жўнатма келган, бу эса ҳар бир жўнатма олган фуқарога ўртача 8 таси тўғри келганини англатади. Айрим фуқаролар йилига 1000 дан 2400 тагача юборилган юкларни қабул қилган (кунига тахминан 3–6 марта).
Ижтимоий тармоқларда тарқалган «500 киши учун 37 миллион одам жазоланди» деган фикрларга жавобан, Тангриев ушбу 500 ҳолат фақат Тошкент халқаро аэропортида қайд этилганини, республика миқёсида эса бу кўрсаткич ҳаво транспорти орқали 10 минг кишини ташкил қилишини маълум қилди.
«Баъзи фуқаролар 90 кун ичида 90 марта, яъни ҳар куни четга чиқиб, товарларни божхонасиз олиб киришни ўзининг доимий фаолиятига айлантирган. Бу ҳолат табиий деб ҳисобланмайди ва тақдим этилган имкониятлардан суиистеъмол қилиш ҳисобланади. Масалан, агар 3000 нафар фуқаро ойига камида 10 марта сафар қилиб, ҳар сафарда 2000 долларлик 30 кг тижорат товарини шахсий эҳтиёж учун деб олиб кирса, бу 720 миллион долларлик 11 минг тоннага яқин товарнинг божхона тўловисиз ички бозорга кириб келишини англатади», — деди Хусан Тангриев.
Унинг сўзларига кўра, чегара божхона постларидаги вазият таҳлили шуни кўрсатдики, айрим фуқаролар бошқаларнинг товарларини ўз шахсий мол-мулки сифатида кўрсатиб, ҳақ эвазига ташиб беришган. Баъзи фуқаролар ойига 100 мартагача чегарадан ўтиб, тижорат маҳсулотларини шахсий эҳтиёж учун деган баҳона билан олиб киришган. Натижада катта ҳажмдаги товарлар кичик қисмларга бўлиб, божхона тўловларисиз мамлакатга олиб кирилган.
Божхона қўмитаси (БҚ) матбуот котиби қўшимча қилди: 2024 йилда Ўзбекистонга юборилган жўнатмалар сони 2023 йилга нисбатан қарийб 3 бараварга ошган — 22,3 минг тонна товар умумий 167 миллион доллар қийматда кириб келган. Бу 2023 йилга нисбатан қиймат жиҳатидан 1,4 баробар ва ҳажм жиҳатидан 1,3 баробар ўсганини кўрсатади.
Шунингдек, аниқланишича, баъзи юклар вафот этган ёки ўз номига товар келаётганидан бехабар бўлган шахслар номига расмийлаштирилган.
Шу сабабли, божхона вакили таъкидлаганидек, 2025 йил 20 июлдан бошлаб божхонасиз лимитдан фойдаланиш учун чет элда бўлишнинг минимал муддати белгиланади. Хусусан, пиёда ёки автомашинада қайтаётган фуқаролар камида икки кун, самолёт орқали қайтаётганлар эса камида уч кун чет элда бўлишлари шарт бўлади. Бунга риоя қилинмаган тақдирда товар ҳаддан оширилган ҳисобланади ва унинг тўлиқ қиймати учун 30% ягона божхона тўлови ундирилади.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов аввалроқ «Газета.uz» учун ёзган мақоласида божлар, бюрократия ва импорт чекловлари ўз халқининг манфаатларига қарши ишлайдиган тўсиқ эканини тушунтирганди. Уларнинг таъсири нархларни бузади, ихтисослашувга тўсқинлик қилади ва ресурслардан самарали фойдаланишни чеклайди.
Унинг фикрича, сўнгги 250 йилда жамият фаровонлигининг кескин ўсиши савдо тўсиқларининг олиб ташланиши ва логистиканинг ривожланиши натижасида содир бўлган. Протекционизм бутун иқтисодиётга зарар етказади, ҳатто айрим соҳалар учун вақтинча фойда берса ҳам.