Билл Гейтс 20 йил ичида деярли бутун бойлигини хайрияга беришни ваъда қилди

Бизнесмен ва Microsoft асосчиси Билл Гейтс 20 йил ичида деярли бутун бойлигини хайрияга беришни ваъда қилди. Маблағлар унинг Gates Foundation фондига ўтказилади. Бу ҳақда Гейтс ўз сайтида маълум қилди.

«Мен кейинги 20 йил ичида деярли бутун бойлигимни Гейтс фонди орқали бутун дунё бўйлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва яхшилаш мақсадларига ўтказаман. 2045 йил 31 декабрда эса фонд ўз эшикларини тўлиқлигича ёпади», — деб ёзди Гейтс.

Гейтснинг сўзларига кўра, хайрияларнинг аниқ миқдори фонд бозорларидаги вазият ва инфляцияга боғлиқ бўлади, аммо у 200 миллиард доллардан ошиқ бўлишини кутмоқда.

«Мен ўлганимда, одамлар мен ҳақимда кўп нарсаларни гапиришади, лекин мен қатъий қарор қилдимки, уларнинг орасида „у бойлигича ўлди“ деган гап бўлмайди. Менда одамларга ёрдам бериш учун ишлатилиши мумкин бўлган ресурсларни сақлаб қолишдан кўра, ечимини кутаётган жуда кўп муҳим муаммолар бор», — деб ўз қарорини изоҳлади Гейтс.

У бошқа бой одамлар ҳам унинг йўлидан бориб, ўз хайрияларининг суръати ва миқёсини оширишига умид билдирди.

Гейтснинг аниқлик киритишича, фонд 3 та мақсадга эътибор қаратади: оналар ва чақалоқларнинг олдини олиш мумкин бўлган ўлимини тўхтатиш, ўлимга олиб келувчи юқумли касалликларни йўқ қилиш ва бутун дунё бўйлаб юз миллионлаб одамларни қашшоқликдан қутқариш.

Gates Foundation — Билл Гейтс ва унинг собиқ рафиқаси Мелинда Гейтс томонидан 2000 йилда асос солинган хусусий фонд. У дунёдаги учинчи энг йирик хайрия фонди ҳисобланади. Сўнгги 25 йил ичида фонд вакциналарни ривожлантириш ва турли касалликларга қарши курашиш учун 100 миллиард доллар ажратган.