
Ўзбекистонда банкларга савдода сотилмаган мол-мулкни бозор нархида тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади. 2025 йил 15 апрель куни қабул қилинган президент қарорида назарда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, 2025 йил 1 майдан бошлаб устав капиталида давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган банклар ҳамда улар ҳузуридаги инвестиция компанияларига мулкни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади. Бу аукционда сотилмаган ва қарзларни (кредитлар ва бошқа мажбуриятлар) қоплаш ҳисобидан банклар балансига олинган мулкларга тааллуқли. Бундай мулк кредит, бўлиб тўлаш, лизинг ва қонунчиликда рухсат этилган бошқа шартномалар асосида сотилиши мумкин.
Бу объектларни бозор нархида тезкор сотиш орқали қўшимча ресурслар бўшатилади ва 150 минг янги иш ўрни яратилади. Бу ҳақида 2024 йил 16 декабрь куни президент раислигида ўтказилган йиғилишда таъкидланган. Айтилишича, банклар балансларида умумий қиймати 6,5 трлн сўм бўлган 3000 та фаолият юритмаётган кўчмас мулк объектлари мавжуд.
Шунингдек, банкларга қарз ҳисобидан олинган бино, жиҳоз ва бошқа мол-мулкни тайёр бизнес сифатида сотишга ҳам рухсат берилади. Инвесторлар банклар ҳузуридаги инвестиция компаниялари орқали улар асосида тўхтаб қолган ишлаб чиқаришларни тиклашлари мумкин бўлади.
Марказий банк ва Олий суд таклифига кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб қарзни қайтариш жараёнини тезлаштириш мақсадида судларда соддалаштирилган тартибда кўриладиган даъволарнинг энг юқори баҳоси оширилади:
– юридик шахслар учун — БҲМнинг 150 бараваригача (56,25 млн сўм);
– якка тартибдаги тадбиркорлар учун — БҲМнинг 100 бараваригача (37,5 млн сўм);
– жисмоний шахслар учун — БҲМнинг 50 бараваригача (18,75 млн сўм).
Бош прокуратура, Марказий банк ва Адлия вазирлиги икки ой ичида аукционда сотилмаган мол-мулкни мажбурий ижро тартибида унга талаб қўйган шахсларга топшириш жараёнини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Қонунчилик палатасига киритиши лозим.
Лойиҳага кўра, қуйидагилар таклиф этилмоқда:
– давлат рўйхатидан ўтказиш ваколатига эга органлар томонидан мол-мулкка қўйилган барча тақиқларни давлат ижрочиси қарори асосида бекор қилиш;
– давлат ижрочиси қарори мол-мулкка эгалик ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлиши;
– мол-мулк бўйича мавжуд барча мажбуриятлар илгариги эгаси — қарздор зиммасида қолиши, фақатгина талабгор бу мажбуриятларни ўз ихтиёри билан қабул қилган ҳоллар бундан мустасно бўлиши.