Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 15/05/2026

Банк иловалари учун янги қоидалар асосан янги мижозларга тегишли бўлади — МБ

2026 йил 22 апрелдан Ўзбекистонда масофавий молиявий хизматлар хавфсизлигига нисбатан янги талаблар жорий этилмоқда. 

Марказий банкдан аниқлик киритишларича, ўзгаришлар асосан банк иловаларининг янги фойдаланувчиларига тааллуқли бўлади.

Регулятор маълумотларига кўра, рўйхатдан ўтишда маълумотларнинг мувофиқлиги текширилади: телефон рақами, ПИНФЛ ва банк картаси бир кишининг номига расмийлаштирилган бўлиши керак. Агар маълумотлар мос келса, мижоз сервислардан чекловларсиз фойдаланиши мумкин бўлади.

Шу билан бирга, Марказий банкда телефон рақами яқин қариндошлар — ота-оналар, эр-хотинлар, ака-укалар, опа-сингиллар ёки фарзандлар номига расмийлаштирилган ҳолларда ҳам иловалардан фойдаланишга йўл қўйилишини таъкидлашди.

«Агар рақам яқин қариндошингиз номига рўйхатга олинган бўлса…, иловадан фойдаланишда давом этишингиз мумкин. Яқин қариндошлар учун бу қоида муаммо туғдирмайди», — дейилади хабарда.

Чекловлар, агар телефон рақами ёки банк картаси фойдаланувчи билан боғлиқ бўлмаган бегона шахс номига рўйхатга олинган бўлса, пайдо бўлиши мумкин. Масалан, рақам бегона киши номига рўйхатга олинган бўлса ёки бошқа шахснинг банк картаси ишлатилаётган бўлса.

МБда янги қоидалар асосан 2026 йил 22 апрелдан кейин рўйхатдан ўтадиган мижозларга тааллуқли эканини таъкидлашди.Амалдаги фойдаланувчилар учун иш тартиби ўзгаришсиз қолади.

«Бу қоида ҳаммага тегишлими? Йўқ. У асосан 22 апрелдан кейин рўйхатдан ўтадиган янги фойдаланувчиларга нисбатан қўлланилади. Агар сиз аллақачон илова фойдаланувчиси бўлсангиз — сиз учун ҳаммаси аввалгидек қолади», — дейилади тушунтиришда.

2025 йил ноябрь ойида президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда 31 миллиондан ортиқ фуқаро интернетдан фойдаланиши маълум қилинган эди. Сўнгги 5 йил ичида кибержиноятлар сони 68 бараварга ортган, фақат ўтган йилнинг 10 ойи давомида 46 мингтадан ортиқ ҳолат аниқланган. Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 трлн сўмдан ошган.