Ўзбекистонда автомобиллар сотуви (иномарка ва электромобиллардан ташқари) пасайишда давом этмоқда

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг хабар беришича, октябрь ойида Ўзбекистоннинг автомобиль бозорида енгил автоуловлар сотуви пасайиши давом этди. 2024 йилнинг октябрь ойида 102.3 минг автотранспорт воситалари сотилган ва бу кўрсатгич сентябрь ойига нисбатан 7% камайган. 2023 йилнинг октябрь ойи билан солиштирганда, пасайиш 44% ни ташкил қилган.

Юқоридаги умумий сотувдан 95.4 минги енгил автомобилларга тўғри келади ва сентябрь ойига нисбатан пасайиши 6% ни, 2023 йилнинг октябрига нисбатан эса 43.3% га камайган.

Вилоят ва шаҳарлар кесимида, энг катта пасайиш Тошкент шаҳрида – 18.4%, Фарғона вилояти – 17% ва Андижон вилоятида – 14.4% кузатилган.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчи томонидан сотилган янги автомобиллар кўрсатгичи 20% га камайган. Йил кесимида солиштирилганда, 22% га пасайган.

Октябрь ойида чет элдан олиб келтирилган енгил автомобиллар (иномарка) сотуви кескин, яъни 35% га ортган ва 4.700 та автомобилни ташкил қилган. 2023 йил октябрь ойи билан солиштирилганда, енгил иномарка сотуви ҳам 20% га камайган.

Октябрь ойида иккиламчи (фойдаланилган автомобиллар) бозорда савдо секинлашган ва 60.4 минг автомобиль сотилган. Бу кўрсатгич сентябрь ойига нисбатан 23 тага камроқ эканлигини кўрсатмоқда. 2023 йилнинг октябридаги савдога нисбатан 2 марта пасайишлигини англатади.

Енгил электромобиллар савдоси кескин ўсишда давом этмоқда ва октябрь ойида 20% га ортган, яъни 5.100 та автоулов харид қилинган. Солиштириш учун, август ойида 1.700 та ва сентябрда 4.240 та электромобиль сотилган. Ўтган йилги октябрь ойи билан қиёсланганда, электромобиллар сотуви 1.9 марта, яъни 2.300 та автомобилга ошган.

Электромобиллар савдосининг юқори кўрсатгичлари Тошкент шаҳри, Наманган ва Фарғона вилоятларида кузатилган.