Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди жиноий ишлар бўйича олти нафар фуқарони 203 кишига алдов йўли билан автокредит расмийлаштирганликда айбдор деб топди, деб хабар қилди Milliy TV телеканалидаги Millar дастури.
Маълум қилинишича, бу шахслар хориждан автомобиллар олиб келиш ва сотиш билан шуғулланувчи компания ташкил қилган. Улар фуқароларга 150−200 доллар миқдорида пул мукофоти таклиф қилиб, автокредитларни ўз номларига расмийлаштиришни сўрашган. Улар машиналар келганидан сўнг, уларни ўз номларига ўтказиб, кредитларни ўзлари тўлаб беради, деб ваъда беришган, аммо кейин ғойиб бўлиб, жабрланувчиларни қарз остида қолдиришган.
Бир нафақахор мазкур алдовни ўз картасидан кредитни тўлаш учун ҳисобланган пенсияси ечиб олинганида билиб қолганини айтган. Маълумотларга кўра, жами 62 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ўзлаштирилган.
Суд олти эркакни айбдор деб топди. Гуруҳ раҳбари 9 йил озодликдан маҳрум этилди, қолганлари ҳам озодликдан маҳрум қилиш жазосини олди, дейилади репортажда.