Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 14% га оширди

Марказий банк бошқаруви 2025 йил 20 март куни бўлиб ўтган йиғилишда асосий ставкани 0,5 фоиз пунктга ошириб, йиллик 14% даражасига етказишга қарор қилди.

Охирги марта 14%лик асосий ставка 2024 йил июль ойида кузатилган. Регулятор уни 13,5% га пасайтирган эди.

Бу қарор юқори инфляцион босимнинг сақланиши, умумий талабнинг барқарор ўсиши ва инфляцион кутилмаларнинг ошиши билан изоҳланади. Ставканинг оширилиши инфляция жараёнларини жиловлаш ва ўрта муддатли даврда 5% инфляция кўрсаткичига эришиш учун шароит яратишга қаратилган.

2025 йил бошидан буён умумий инфляция даражаси бироз ошди: февраль ойи якунлари бўйича йиллик кўрсаткич 10,1% ни ташкил қилди. Ёқилғи, коммунал хизматлар, транспорт, таълим ва тиббиёт хизматлари нархининг ошиши инфляцион кутилмаларга таъсир ўтказди. Февралда аҳоли инфляцион кутилмалари 15,3% га, тадбиркорларнинг кутилмалари эса 13,8% га етди.

Хизматлар соҳасидаги юқори инфляция иқтисодиётда умумий талабнинг ўсиши, трансчегаравий пул ўтказмалари ва аҳоли кредитлаш ҳажмининг кўпайиши билан изоҳланади. Бу чакана товар айланмаси ва тўловли хизматлардан тушум динамикасида ҳам акс этмоқда.

Йил бошидан буён асосий савдо шерикларининг валютаси мустаҳкамланиши таъсирида валюта курси пасайиб, ўрта муддатли трендга яқинлашмоқда.

Марказий банк инфляция жараёнларини жиловлаш ва умумий талаб ҳамда таклиф ўртасида мувозанатни таъминлаш учун пул-кредит сиёсати шартларини қатъийлаштириш лозимлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан Марказий банк асосий ставкани 0,5 фоиз пунктга ошириб, 14% йиллик даражасига етказишга қарор қилди. Бу ўрта муддатли даврда нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган.

Пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши умумий талабнинг мувозанатли шаклланиши ва нархларга босимни пасайтиришга қаратилган. Бу инфляция жараёнларининг секинлашишига ва йил охиригача умумий инфляцияни 7−8% гача тушириш учун асос яратиши керак.

Марказий банк 5% инфляция мақсадли кўрсаткичига эришиш учун қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб қолишни давом эттиради.

Агар яқин ойларда иқтисодиётда умумий талаб ва нархларга босим кутилганидан юқори бўлса, пул-кредит шартлари яна қайта кўриб чиқилади. Яъни, регулятор ставка яна оширилиши мумкинлигини истисно этмайди.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставка бўйича кейинги йиғилиши 2025 йил 24 апрелда бўлиб ўтади.

Асосий ставка нима?

Марказий банкнинг асосий ставкаси — бу пул-кредит сиёсатидаги асосий инструментлардан бири ҳисобланади. У иқтисодиётдаги барча бошқа фоиз ставкалари, шу жумладан банклар ўртасидаги ва Марказий банкдан қарз олиш бўйича ставкаларга таъсир кўрсатади.

Шу тариқа, асосий ставка иқтисодиётдаги фоиз ставкалари, шунингдек, аҳоли ва бизнеснинг истеъмол ҳамда инвестиция қарорларига таъсир қилади. Бу эса ички талаб ва инфляцияга таъсир кўрсатади.

Тижорат банклари асосий ставка динамикасини кузатиб, келгусида пул бозорида ликвидлик қимматлашишини ёки арзонлашишини тушунадилар. Бу банкларни ўз маҳсулот ва хизматлари (депозит ва кредитлар) нархини ўзгартиришга ундайди.

Агар инфляция даражаси кескин кўтарилса ва Марказий банк асосий ставкани оширса, банклар кредит ва депозитлар бўйича фоиз ставкаларини оширишлари мумкин, чунки банклараро бозорда пул жалб қилиш нархи ортади.

Аксинча, инфляция пасайганда ва асосий ставка туширилганда, банклар пул жалб қилиш харажатларини камайтириб, кредитлар бўйича фоиз ставкаларини пасайтиришлари мумкин. Шу тариқа, молиявий ресурслар аҳоли ва бизнес учун кўпроқ мавжуд бўлади.

Фоиз ставкаларининг пасайиши банклар бозоридаги рақобат даражасига ҳам боғлиқ.