Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 18/04/2026

«Артемида II» миссияси экипажи Ойни айланиб ўтди

«Артемида II» миссияси 2026 йил 6 апрелдан 7 апрелга ўтар кечаси Ой атрофида 7 соатлик парвозни якунлаб, инсоннинг Ердан узоқлашиш масофаси бўйича рекорд ўрнатди, деб хабар берди АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA).

«NASA астронавтлари Рид Уайзмен, Виктор Гловер ва Кристина Кох, шунингдек, Канада коинот агентлиги астронавти Жереми Хансен бошқариладиган миссия давомида Ердан энг узоқ масофага бориш бўйича 1970 йилда «Аполлон-13» томонидан ўрнатилган рекордни янгиладилар», — деб маълум қилди NASA.

«Аполлон-13» экипажи Ердан 400 171 км масофага узоқлашган эди. «Артемида II» ушбу рекордни тахминан 6500 км га янгилаб, Ердан максимал 406 771 км масофага узоқлашди, дея аниқлик киритди NASA.

«Орион» коинот кемаси Ойнинг орқа томонида бўлган ва режалаштирилган 40 дақиқалик алоқа узилиши вақтида экипаж Ой юзасидан тахминан 6400 километр баландликда учиб ўтди.

«Ойнинг орқа томони узра учиш вақтида экипаж рельеф хусусиятларини, жумладан зарб кратерлари, қадимий лава оқимлари, шунингдек, Ойнинг секин эволюцияси жараёнида ҳосил бўлган юзадаги ёриқ ва тизмаларни суратга олди ва тасвирлаб берди», — дейилади NASA хабарида.

Астронавтлар, шунингдек, коинот кемаси, Ой ва Қуёш бир чизиққа тизилганида деярли бир соат давом этган қуёш тутилишига гувоҳ бўлдилар. «Тутилиш вақтида экипажда фақат Ойнинг ёритилмаган қисмида кўринадиган камёб ҳодисаларни кузатиш имконияти пайдо бўлди. Улар соатига бир неча минг километр тезликда ҳаракатланган метеороидларнинг Ой юзасига урилиши натижасида содир бўлган олтита ёруғлик чақнаши ҳақида хабар беришди», — деб қайд этди NASA.

Астронавтлар 2026 йил 11 апрель куни ерга қайтиб келишган.

«Орион»ни орбитага олиб чиққан Space Launch System (SLS) ракета-ташувчисининг парвози 2026 йил 2 апрелга ўтар кечаси Флоридадаги Канавералдан амалга оширилган эди. Парвоз доирасида «Орион» Ой атрофида бир марта айланиб чиқди. Астронавтларнинг асосий вазифаси — коинот кемасининг очиқ фазодаги бошқарувчанлигини текширишдан иборат. Бу 1972 йилдаги «Аполлон-17» миссиясидан бери инсонларнинг Ер орбитасини биринчи марта тарк этиши.