АҚШ 800 долларгача бўлган Хитой товарларининг божсиз олиб кирилишини бекор қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти 800 долларгача бўлган қийматдаги Хитойда ишлаб чиқарилган товарларни божсиз олиб кириш қоидасини бекор қилди, деб хабар бермоқда New York Times. Мазкур чора 2025 йил 2 майдан кучга кирди.

Гап жисмоний шахслар ва кичик бизнесга тўғридан-тўғри буюртма бериш шарти билан 800 долларгача бўлган қийматдаги товарларни АҚШга божсиз олиб кириш имконини берган de minimis деб номланувчи имтиёз ҳақида кетмоқда. CBS News’нинг қайд этишича, асосан Shein ва Temu каби Хитой ритейлерлари ушбу имтиёзга таянган.

NYT ёзишича, сўнгги йилларда кўплаб компаниялар ўз маҳсулотларини бож тўламасдан АҚШга етказиб бериш учун de minimis’дан фойдаланган. Трамп Оқ уйга қайтиб, Хитойдан импортга 145 фоизлик бож жорий қилганидан кейин ундан янада кўпроқ фойдалана бошладилар.

Ўзгаришлар материк Хитой ва Гонконг товарларига, шунингдек, Хитой Халқ Республикасидан учинчи мамлакатлар орқали АҚШга етказиб бериладиган маҳсулотларга таъсир қилди. Хитойдан бошқа давлатлардан келадиган товарлар учун de minimis қоидаси ҳозирча ўз кучида қолмоқда.

Temu компанияси Хитойдан АҚШга товар жўнатмаслигини билдирди. “АҚШдаги барча савдолар энди маҳаллий сотувчилар томонидан қайта ишланади ва буюртмалар мамлакат ичида бажарилади”, – дея аниқлик киритди компания.

Shein сайтида божлар “сиз тўлайдиган нархга киритилган”лиги айтилган.

АҚШ Конгресси Тадқиқот хизмати (CRS) ҳисоботига кўра, 2018 йилдан 2023 йилгача Хитойдан арзон электрон тижорат экспортининг қиймати 5,3 миллиард доллардан 66 миллиард долларгача ўсди. 2023 йилда АҚШ Божхона ва чегара хизмати (CBP) de minimis доирасида жўнатилган бир миллиард жўнатмани қайта ишлади, уларнинг ўртача қиймати 54 долларни ташкил этди. CNN’нинг аниқлик киритишича, АҚШ божхона хизмати ҳозирда “кунига қарийб 4 миллион божсиз жўнатмани” қайта ишламоқда. Уларнинг аксарияти Хитой ва Гонконг орқали келмоқда.

De minimis ҳақида нима маълум

De minimis қоидаси АҚШда 1938 йилда 1930 йилги Тарифлар қонунининг 321-бўлими сифатида жорий этилган. CBS News ёзишича, унинг мақсади савдони рағбатлантириш ва ҳукумат учун юқори харажатлар билан паст қийматли товарларга арзимас божларни йиғиш билан боғлиқ маъмурий юкларни бартараф этиш эди.

АҚШ Конгресси 1978 йилда de minimis доирасидаги жўнатмалар учун чегарани 5 долларгача, 1993 йилда 200 долларгача, кейин эса 2016 йилда 800 долларгача кўтарди.

2025 йил февралида Трамп Хитой АҚШга фентанил оқимини тўхтатиш учун етарли чоралар кўраётганига ишонмаслиги сабабли бу имтиёзни бекор қилишини айтган эди. 2025 йил апрель ойида Америка президенти 2 майдан кучга кирган ҳолда Хитой ва Гонконгдан келадиган паст қийматли жўнатмалар учун de minimis’ни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳозирда Хитойдан келадиган товарлар АҚШда 145%гача божга тортилмоқда. Пекин бунга жавобан АҚШдан келадиган маҳсулотларга 125 фоизлик бож жорий қилди.

Бу харидорларга қандай таъсир қилади

CBS News ёзишича, de minimis бекор қилиниши билан Хитойдан келадиган кўплаб товарлар аввалгидек арзон бўлмайди. Ритейлерлар аллақачон мижозлар буюртмалари нархига юқори тариф устамаларини қўшмоқда.

Телеканал суҳбатлашган савдо бўйича экспертларнинг қайд этишича, президент фармонига риоя қилиш учун импорт қилувчилар ва Божхона ва чегара хизмати кунига миллионлаб қўшимча жўнатмаларни текширишига тўғри келади. Экспертларнинг фикрича, бу етказиб беришда сезиларли кечикишларга олиб келиши мумкин.

Temu ва Shein’нинг доимий харидорлари CNN’га АҚШда ишлаб чиқарилган товарларни сотиб олиш имкони бўлмагани сабабли ушбу ритейлерлардан буюртма беришганини айтишди. “Ҳозир мен Temu’дан сотиб олишга қурбим етмайди, бу мамлакатда эса аллақачон қурбим етмас эди”, – деди CNN’га 64 ёшли нафақадаги ҳамшира Рена Скотт.

CNN ёзишича, Хитой ритейлерларидан арзон товарларнинг йўқлигидан энг кўп даромади паст бўлган уй хўжаликлари азият чекади. Лос-Анжелесдаги Калифорния университети ва Йель университети иқтисодчиларининг тадқиқотига кўра, de minimis доирасидаги жўнатмаларнинг қарийб 48% АҚШнинг энг камбағал штатларига, 22% эса энг бой штатларига жўнатилган.