Трамп АҚШда бой одамлар учун 5 миллион долларлик «олтин карталар» жорий этилишини эълон қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз маъмурияти чет элликлар учун мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи ва Америка фуқаролигини олиш йўлини очиб берадиган «олтин карталар» жорий этишни режалаштираётганини эълон қилди, деб хабар беради Reuters, CNN ва Axios. Бундай карта нархи тахминан 5 миллион доллар этиб белгиланади.

«Бой одамлар бу картани сотиб олиб, юртимизга келади. Улар бой ва муваффақиятли бўлади, кўп пул сарфлайди, кўп солиқ тўлайди ва кўп одамларни ишга олади», — деди Трамп.

Трампнинг сўзларига кўра, «олтин карталар» сотилиши тахминан икки ҳафта ичида бошланади. У миллионлаб шундай карталар сотилиши мумкинлигини тахмин қилди.

АҚШ савдо вазири Говард Лютник «олтин карта» инвесторлар учун иммиграция визалари дастури EB-5 ўрнини босишини аниқлаштирди. Лютникнинг сўзларига кўра, бу дастур «беҳуда гаплар, сохталик ва фирибгарликка тўла эди», шунингдек, арзон нархда грин-карта олиш усули бўлган. «Шунинг учун президент бу аҳмоқона EB-5 дастури ўрнига… биз уни Трампнинг „олтин картаси“ билан алмаштирамиз, деди», — дея таъкидлади вазир.

Лютникнинг айтишича, «олтин карта»га ариза берувчилар текширувдан ўтади, шунингдек, «улар жаҳон даражасидаги ажойиб фуқаролар эканлигига ишонч ҳосил қилинади».

EB-5 дастури Конгресс томонидан 1992 йилда ташкил этилган. У АҚШ фуқаролигини олиш имкониятини яратади, агар хорижий инвесторлар иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволдаги ҳудудларга 800 минг доллардан 1,05 миллион долларгача сармоя киритиб, у ерда иш ўринлари яратса.