Андижон вилоятида тўғон ўпирилиб, 100 га яқин уйни сув босди

2025 йил 8 май куни эрталаб кичик гидроэлектр станцияси қурилиши вақтида Андижон вилоятидан ўтувчи Жанубий Фарғона магистрал каналининг ПК-194+60 пикетида тўғон ўпирилди, дея хабар берди Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

ФВВ маълумотларига кўра, Бўлақбоши туманининг “Сарвонтепа” маҳалласи ҳудудида Жанубий Фарғона каналининг бир қирғоғи шикастланган.

Кейинроқ “Ўзбекгидроэнерго” матбуот хизмати аниқлик киритишича, кичик ГЭС қурилиши доирасида сув оқими вақтинча айланма канал орқали йўналтирилган. Унинг лойиҳавий ўтказувчанлиги 60 куб метрни ташкил этса-да, амалда ўтказилаётган сув ҳажми 70 куб метрга етган, бу эса Жанубий Фарғона каналининг ўнг қирғоғи ювилишига олиб келган.

Ҳодиса натижасида тахминан 100 та уйга сув кирган: 30 та уйнинг ичи сув остида қолган, 70 та уйнинг эса фақат ҳовлисига сув кирган.

Тўғон ўпирилиши ва уйларнинг сув остида қолиши натижасида жабрланганлар бор-йўқлиги ҳақида давлат органлари хабар бермади.

Андижон вилояти ФВБ ҳолатни бартараф этиш учун куч ва воситаларни жалб қилди. “Вазият тўлиқ назоратга олинган”, – дея баёнот берди ФВВ.

Сув хўжалиги вазирлиги хабар беришича, авария сабабларини аниқлаш ва оқибатларини бартараф этиш учун воқеа жойига ирригация бошқармалари ва инспекциялари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ жўнаб кетган.

Вазият ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида Андижон сув омборидан сув чиқариш тўхтатилди. Соат 14:00 гача сув таъминотини тўлиқ тўхтатиш режалаштирилган эди. Оқим Қуйи Жанубий Фарғона каналига йўналтирилади.

Тўғонни тиклаш учун тезкор штаб ташкил этилди, раҳбар ходимларнинг кеча-кундуз навбатчилиги ташкил этилди. Жойда 10 та самосвал, 4 та автокран, 2 та бульдозер, 8 та экскаватор ва 50 дан ортиқ ишчи-ходим жалб қилинган.

Барча тиклаш ишлари 9 май куни соат 14:00 гача тўлиқ якунланиши режалаштирилган, шундан сўнг Жанубий Фарғона каналининг одатдаги иш режими тикланади.

“Аҳолининг уйлари ва ҳовлиларига етказилган зарар қопланади”, – дея таъкидлади “Ўзбекгидроэнерго”.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзгидромет 8-11 май кунлари кутилаётган ёмғирлар сабабли Ўзбекистоннинг 8 вилоятида, жумладан Андижон вилоятида ҳам сел-тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Жанубий Фарғона каналидаги кичик ГЭС лойиҳаси ҳақида

Сув хўжалиги вазирлиги аниқлик киритишича, ПК-194+60 пикетидаги кичик ГЭС қурилиши “Гидропроект” МЧЖ лойиҳаси асосида “Гидрострой заказчик сервис” МЧЖ буюртмасига биноан олиб борилмоқда.

Лойиҳа “ВЭБ.РФ” давлат тараққиёт корпорацияси томонидан молиялаштирилмоқда. Бўлажак ГЭСнинг қуввати 6,9 МВт ни ташкил этади, йилига 33 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Қурилиш ишлари “0 дан якунлангунча” (“под ключ”) шартномаси асосида Россиянинг “Энергосила” компанияси томонидан амалга оширилмоқда, дея хабар берди “Ўзбекгидроэнерго”.