Андижон марказидаги қамоқхона кўчирилади, ўрнига савдо мажмуаси қурилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 15 апрель куни Андижон вилоятини ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда шаҳар марказида жойлашган тергов изолятори ўрнига савдо-ҳордиқ мажмуаси қуришни таклиф қилди.

Давлат раҳбари шаҳар марказида 100 йил муқаддам қурилган 3-сонли тергов изолятори («Андижон қамоқхонаси») нинг жойлашуви маъқул эмаслигини таъкидлади. Ушбу бинонинг замонавий ва янгиланиб бораётган Андижон қиёфасига зид экани қайд этилди.

Шу муносабат билан муассасани шаҳар четидаги ҳудудга кўчиришга қарор қилинди. Унинг ўрнида замонавий савдо-ҳордиқ ва сервис маркази барпо этилиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, аввалроқ хабар қилинганидек, президент Янги Андижон шаҳрини Бобур шаҳри деб номлаш таклифини қўллаб-қувватлади — мазкур ном буюк бобурийлар сулоласининг асосчиси Захириддин Муҳаммад Бобур шарафига берилади. Унинг тимсоли абадийлаштирилиши мақсадида Бобур ва унинг авлодлари томонидан қурилган тарихий ёдгорликларнинг миниатюралари жойлаштириладиган мавзули боғ барпо этилади.

Президент, шунингдек, янги шаҳарда ҳар йили рассомлар фестивалини ташкил этишни таклиф қилди. Ғолибларга автомобиллар совға қилинади.

Масъул идораларга янги шаҳарни маърифат ва маданият марказига айлантиришни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.