Андижон вилояти туман ҳокими ўринбосари $15 минг олаётганда қўлга олинди

Андижон вилояти Марҳамат тумани ҳокимининг ўринбосари 15 минг АҚШ долларини олаётганда қўлга олинди, дея хабар берди Ўзбекистон ДХХ матбуот хизмати.

Иш материалларига кўра, ушбу сумма эвазига у тадбиркорга тумандан ўтувчи йўл бўйидаги 400 метрлик дренаж ариғини ёпиб беришни ҳамда юқори лавозимли танишлари орқали ҳосил бўлган 60 сотих ер майдонига ҳар бири 30 квадрат метр бўлган 8 та дўкон қуриш учун ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

У аванс сифатида 200 доллар олган. Кейинчалик, 14,8 минг долларни олаётган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинган.

Мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» ва «в» бандлари (мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда жуда кўп миқдорда содир этилган фирибгарлик), шунингдек, 28-моддаси (жиноят иштирокчиларининг турлари — ижрочи, ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчи) орқали 211-моддаси 2-қисми «б» банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. У қамоққа олинган. Тергов давом этмоқда.