
Андижон шаҳридаги ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи, ижтимоий тармоқларда психотроп модда ишлатган ҳолдаги сурати тарқалганидан сўнг ишдан олинди. Суратда кўрсатилган шахслар аниқланиб, тизим ходимлари эканлиги маълум бўлганлигини камбағалликни қисқартириш ва аҳолини иш билан таъминлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Гулноза Алимова тасдиқлади.
«Д. У. ва унинг ўринбосари С. Б. билан меҳнат шартномалари бекор қилинди. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда», — деб айтилади хабарда.
Суратда бир киши пластик идишни кесиб, ундан чиқаётган тутундан нафас олаётгани кўринган. У билан бирга яна бир киши бўлиб, унинг юзи кўринмаган.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларига кўра, оператив-тергов ишлари давомида фуқародан 0,69 грамм наркотик модда — гашиш мусодара қилинган. Бу ҳолат суд-кимёвий экспертиза билан тасдиқланган.
Ўтказилган тергов иши натижасида Андижон шаҳри Ички ишлар органлари Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 276-моддасининг 1-қисми (психотроп моддалар ёки унинг аналогларини ишлаб чиқариш, сақлаш, сотиб олиш, олиб ўтиш, етказиб бериш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда 50 базавий ҳисоблаш миқдорича жарима, 360 соатгача жамоат ишлари, 3 йилгача тузатиш ишлари, 1-3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 3 йилгача қамоқ жазосини кўзда тутади.