
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 16 апрель куни Андижон вилоятини ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда вилоятни қўшни давлатлар билан боғловчи йўллар ўтказувчанлигини ошириш, Андижон ва туманлар ўртасида жамоат транспортини ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.
Хусусан, 2023 йил сентябрда «Хонабод» назорат-ўтказиш пункти фаолияти тиклангани муносабати билан «Бишкек — Душанбе — Термиз» халқаро трассасида транспорт оқими 2−3 баробарга ошган.
Бироқ Қорадарёдан ўтадиган, узунлиги 150 метрли кўприкнинг носозлиги туфайли ҳаракат фақат битта йўлак орқали амалга оширилмоқда, бу эса жиддий тирбандликларга сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан Президент масъулларга бир ой ичида кўприкни реконструкция қилиш дастурини тасдиқлаш ва бу мақсадлар учун 25 млрд сўм ажратишни топширди. Объект 2026 йилгача тўлиқ фойдаланишга топширилиши кераклиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев шунингдек, Бобур (Янги Андижон) шаҳрини Андижон шаҳри ва бошқа туманлар билан боғлайдиган, узунлиги 56 км бўлган ҳалқа йўлини қуриш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
2025 йил якунига қадар бу йўлнинг дастлабки 5 километри қурилиши режалаштирилган бўлиб, бу Андижонга бориш масофасини сезиларли қисқартиришга хизмат қилади. Йўл бўйлаб 200 та савдо ва сервис объектлари барпо этилиб, 1000 нафар инсон иш билан таъминланади.
Муаммоли масалалардан бири — Андижон шаҳрини вилоятнинг 8 тумани билан боғлайдиган жамоат транспорти мавжуд эмаслиги ҳисобланади. Натижада ҳар куни тахминан 80 минг аҳоли марказга 20 мингга яқин енгил автомобилда йўл олади. Юклама юқори бўлган соатларда Андижонда йўллар тиғизлиги 7−8 баллгача етиши айтилди.
Йиғилишда таъкидланишича, 1 та кичик автобус кунига камида 400 нафар йўловчини ташиши ва 25 та енгил автомобилни алмаштириши мумкин.
Шу муносабат билан Президент янги йўналишларни белгилаш, маҳаллий шароитга мос автобус моделларини танлаш ва тадбиркорлар билан ҳамкорликда таклифлар тайёрлашни топширди.