Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Amazon Leo сунъий йўлдош интернети Ўзбекистонда ишга туширилиши кутилмоқда

Американинг Amazon Leo компанияси ва Uz-Sat қўшма корхонаси Ўзбекистонда юқори тезликдаги сунъий йўлдош интернети хизматларини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришдилар. Тегишли шартнома Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланди, деб хабар берди Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати.

Amazon Leo юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш хизматларини кўрсатувчи сунъий йўлдош алоқа тармоғи ҳисобланади. Ушбу сервисдан нафақат шаҳар ҳудудлари, балки мамлакатнинг чекка ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари, шунингдек, телекоммуникация инфратузилмаси чекланган ёки мавжуд бўлмаган туманлар аҳолиси ҳам фойдаланиши мумкин бўлади.

Вазирлик маълумотларига кўра, Amazon Leo тизими ўзаро юқори тезликдаги оптик каналлар орқали боғланган 3000 дан ортиқ сунъий йўлдошлар гуруҳи базасида ишлайди. У ҳимояланган глобал ер усти шлюз станциялари, толали-оптик тармоқлар ва интернетга уланиш нуқталари билан интеграциялашган.

Фойдаланувчилар тармоққа компакт Amazon Leo Nano, Amazon Leo Pro ва Amazon Leo Ultra антенналар орқали уланишлари мумкин бўлади. Рақамли технологиялар вазирлиги ушбу қурилмалар дунёнинг исталган нуқтасида интернетдан фойдаланиш имконини беришини таъкидлади.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, Uz-Sat компанияси 2021 йил март ойида ташкил этилган бўлиб, сунъий йўлдош алоқа хизматлари билан шуғулланади. Устав фонди 12,57 миллиард сўм бўлган корхона таъсисчилари сифатида Satellin Group (65% улуш билан), «Ўзбектелеком» (30%) ва Neotech (5%) иштирок этмоқда.

Бош вазир Абдулла Арипов апрель ойида Ўзбекистонда сунъий йўлдош интернетини синовдан ўтказиш шу йилда режалаштирилганини маълум қилган эди.

2025 йил октябрь ойида президент Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг чекка ҳудудларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлайдиган сунъий йўлдош интернет операторлари беш йил муддатга ер, мол-мулк, фойда солиқлари ва ҚҚСдан озод этилишини таъкидлаган эди.

2022 йил май ойида «Ўзбектелеком» Uz-Sat компанияси Тошкент яқинида ер усти сунъий йўлдош станциясини қуришни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Ўша йилнинг охиригача қўшма корхона мамлакат бўйлаб ер усти станциялари тармоғини ёйишни ният қилганди.

2025 йил октябрь ойида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Америка бизнес миссияси таркибида Ўзбекистонга келган Amazon делегацияси билан музокаралар ўтказган эди. Учрашув якунлари бўйича Рақамли технологиялар вазирлиги ва Amazon Kuiper Commercial Services — Amazon Leo’нинг аввалги номи — ўзаро англашув меморандумини имзолаган эдилар.

Ҳужжатда рақамли инфратузилмани яхшилаш бўйича шериклик режалари белгиланган эди. Ўшанда Amazon Ўзбекистонда Project Kuiper сунъий йўлдош алоқасини ишга туширишини эълон қилганди.

Amazon компанияси Kuiper лойиҳасини 2019 йилда тақдим этган. Унинг мақсади бутун дунё бўйлаб фойдаланувчилар, жумладан аҳоли зичлиги паст ва чекка ҳудудлар учун кенг залолли интернетдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш. Аввалроқ уланиш тезлиги 400 Мбит/с гача етиши, келгусида эса 1 Гбит/с гача оширилиши имконияти борлиги хабар қилинган эди.